TOP 10
Ашуро куни ва рўзаси фазилати
2127 Bender
بسم الله الرحمن الرحيم

АШУРО КУНИ ВА РЎЗАСИ ФАЗИЛАТИ
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таборака ва таолонинг иродаси ва марҳамати ила янги 1437 ҳижрий санага ҳам барчамиз соғ-саломат ва тинчлик-омонликда етиб келдик. Янги ҳижрий сана муборак бўлсин! Аллоҳ таоло янги йилда барчаларимизга саодатли ва баракали умр берсин ва ҳар доим савобли амалларни қилишимизга насиб айласин!Аллоҳ таолонинг ойлари ва кунлари ичида шундайлари борки, унда қилинган ибодат ва солиҳ амаллар эвазига бошқа ой-кунлардагига нисбатан бир неча баробар ортиқ савоблар берилади.

Бу ой ва кунларнинг қайта айланиши билан бандаларига ажр мукофотларни тўлиқ қилиб бериш ва фазлу карамини янада зиёда бўлиши учун, яхшилик мавсумларини давомли қилиб қўйгани барчамизга катта бир неъматдир. Муборак ҳаж мавсуми тугаши билан, унинг кетидан яхшиликлар билан тўла, ҳурмати баланд Аллоҳнинг Муҳаррам ойи келди. Муҳаррам ойи ҳам уруш ҳаром қилинган тўрт ойлардан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ(سورة التّوبة/36

яъни: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир*. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз!

Ояти каримада уруш ҳаром қилинган тўрт ой – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир. Жорий ойимиз Муҳаррам ойи бўлганлиги учун бугунги жума мавъизамизда ушбу ойнинг фазилати ҳақида суҳбатлашамиз.

Маълумки, ислом дини таълимоти бўйича Муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Бу ой Аллоҳ таоло урушни ҳаром қилган тўрт ойдан бири бўлиб, Аллоҳнинг ойи, деб ҳам номланади. Муҳаррам ойининг ашуро, яъни ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтганлиги сабабли, бу ойнинг ўнинчи кунига нисбатан “Ашуро” ойи дейиш урфга айланган.

Ривоят қилишича бу муборак ойнинг Ашуросида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом жаннат дарахти мевасидан танаввул қилиб гуноҳкор бўлгани тавбасини қабул қилган кундир. Аллоҳ таоло бу ҳақда хабар бериб шундай дейди:

فَأَكَلَا مِنْهَا فَبَدَتْ لَهُمَا سَوْآَتُهُمَا وَطَفِقَا يَخْصِفَانِ عَلَيْهِمَا مِنْ وَرَقِ الْجَنَّةِ وَعَصَى آَدَمُ رَبَّهُ فَغَوَى ثُمَّ اجْتَبَاهُ رَبُّهُ فَتَابَ عَلَيْهِ وَهَدَى(سورةطه/121-122

яъни: “Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади”(Тоҳа сураси, 121-122 оятлар).

Имом Аҳмад раҳматиллоҳу алайҳи ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, шу куни, Нуҳ (а.с.)нинг кемалари “Жудий” тоғи устида тўхтаган, шу сабабли Нуҳ (а.с.) шукрона тариқасида шу куни рўза тутганлар.

Бундан ташқари, Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)ни Ашуро куни Фиръавннинг исканжасидан қутқарганлиги ҳақида Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

” قَدِمَ النَّبِىّ ُصلى الله عليه وسلم: الْمَدِينَةَ فَرَأَى الْيَهُودَ صِيَامًا يَوْمَ عَاشُورَاءَ ، فَقَالَ : مَا هَاذَا ؟ قَالُواْ : يَوْمٌ صَالِحٌ نَجَّى اللهُ فِيهِ مُوسَى وَبَنِى اِسْرَائِيلَ مِنْ عَدُوِّهِمْ فَصَامَهُ مُوسَى ، فَقَالَ : اَناَ اَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ فَصَامَهُ وَاَمَرَ بِصِيَامِهِ ” ( متفق عليه

яъни: “Пайғамбар (сав) Мадинага келганларида яҳудийларнинг ашуро кунида рўза тутганларини кўрдилар ва: “Бу қандай кун?” – деб сўрадилар. Улар: “Бу – Аллоҳ таоло Мусо (а.с.) билан Бани Исроилни душманларидан қутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо (а.с.) бу кунда рўза тутганлар” – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз (сав): “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман” – дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар”.

Жоҳилият арабларининг ҳам Ашуро кунида рўза тутиш одатлари бор бўлган. Ойша онамиз разияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни марҳамат қиладилар:

” كَانَ يَوْمُ عَاشُورَاءَ يَوْمًا تَصُومُهُ قُرَيْشٌ فِى الْجَاهِلِيَّةِ ، وَكَانَ يَصُومُهُ رَسُولُ اللهِ صلعم بِمَكَّةَ ، فَلَمَّا قَدِمَ الْمَدِينَةَ فُرِضَ صِيَامُ شَهْرِ رَمَضَانَ ، فَقَالَ النَّبِىُّ صلي الله عليه وسلم : اِنِّى كُنْتُ اُمِرْتُ بِصَوْمِ يَوْمِ عَاشُورَاءَ ، فَمَنْ شَاءَ صَامَ وَمَنْ شَاءَ تَرَكَ ” ( متفق عليه

яъни: “Ашуро куни Қурайшийларнинг жоҳилият даврида рўза тутадиган куни эди. Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам ҳам шу куни рўза тутар эдилар. Мадинага келганларидан кейин Рамазон ойи рўзаси фарз қилинди. Шундан сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалам: “Мен ашуро куни рўза тутишга буюрилган эдим, энди эса хоҳлаган киши рўза тутсин, хоҳлаган киши тарк қилсин”, – дедилар”.

Юқоридаги ҳадисдан маълум бўладики, Исломнинг аввалги даврида Ашуро кунида рўза тутиш мусулмонларга фарз бўлган. Ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ашуро рўзасининг фарзлиги бекор қилиниб, нафл бўлиб қолган.

Расулуллоҳсаллаллоҳу алайҳи вассалам бу кунда рўза тўтишнинг фазилати ҳақида:

” يُكَفِّرُ السَّنَةَ الْمَاضِيَةَ ” (رواه مسلم

яъни: “Ўтган бир йилда қилинган гуноҳларга каффорат бўлади” – деб марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса:

” صُومُوا قَبْلَهُ يَوْمًا وَبَعْدَهُ يَوْمًا ” (رواه احمد

яъни: “Ашуро кунидан бир кун олдин ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар” – деганлар.

Мазкур ҳадисларга биноан уламоларимиз: “Муҳаррам ойининг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиш мустаҳабдир” – дейдилар.

Яна бошқа бир ҳадисда эса:

” اَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ المُحَرَّمُ وَأَفْضَلُ الصَّلاةِ بَعْدَ الفَرِيضَةِ صَلَاةُ اللَّيْلِ ” (رواه ﻣﺴﻠﻢ

яъни: “Рамазон ойи рўзасидан кейинги Аллоҳ ойи бўлган Муҳаррам ойида тутилган рўзанинг савоби улуғдир. Фарз намозидан кейин эса кечаси туриб адо этилган нафл намози афзалдир”.

Бундан ташқари бу кунда қилинган солиҳ амалларга Аллоҳ таоло улуғ ажру мукофотлар беради. Бу кунларда мўмин-мусулмонлар янада саховатли бўлиб, хайру эҳсонни кўпайтирмоқликлари лозим. Чунки, хайру эҳсон ибодатларнинг энг улуғларидан бўлиб, унинг эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Албатта, эҳсонни авваламбор оила аҳлларидан, энг яқин қариндошлардан бошламоқлик шарт. Ундан кейин имкон бўлса, қўни-қўшни ва бегоналарга мурувват кўрсатиш керак бўлади. Бу хусусда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай марҳамат қиладилар:

” مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ السَّنَةِ ” (رواه مسلم

яъни: “Кимки Ашуро кунида ўз аҳли оиласига кўпроқ нафақа қилса, яъни рўзғорини бут қилиб берса, Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқига кенгчилик беради”.

Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик” – деганлар.

Дарҳақиқат, эҳтиёжмандларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабаб бўлади.

Хайру эҳсон ибодатларнинг энг улуғларидан бўлиб, унинг эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Албатта, эҳсонни юқорида айтилганидек, авваламбор оила аҳлларидан, энг яқин қариндошлардан бошламоқлик лозим. Ундан кейин имкон бўлса, қўни-қўшни ва бегоналарга мурувват кўрсатиш керак бўлади. Яна шу нарсани қайд этиб ўтиш лозимки, Ҳукуматимиз томонидан кам таъминланган оилаларга, етим-есирларга ва отахон ва онахонларга моддий ва маънавий ёрдам бериб келинмоқда. Аҳолимиз орасида ўзига тўқ, тадбиркор ва ишбилармон кишилар ҳам борки, улар фақат ўз манфаатларини эмас, балки, юртимиз форовонлиги, халқимизнинг эҳтиёжларини қондириш ҳақида ҳам қайғурадилар. Динимиз таълимотига кўра, закотини ўз вақтида берадиган, муҳтожлар ҳолидан хабардор бўладиган саховатли ва мурувватли инсонлар Аллоҳ таоло томонидан беқиёс ажру савобларга эга бўлиб, икки дунё саодатига муваффақ бўладилар. Қуръони каримида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

…مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ (سورة البقرة/215

яъни: “…Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”.

Абдуллоҳ ибн Аббос (рз.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: “Албатта Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амалларни ёзиб, уни қуйидагича баён қилди: “Кимики бир яхши амални ният қилсаю адо эта олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб унга ёзиб қўяди. Агар ният қилсаю адо ҳам этса, Аллоҳ таоло унга яхши амали учун етти юз ёки ундан ҳам зиёдагача ажр берур. Агар бирор ёмон амални ният қилсаю уни бажармаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб ёзади. Агар ёмонликни ният қилсаю бажарса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади”,-дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Биров моли билан (бу саховатдир), биров қўли билан, яна бошқаси чиройли сўзи билан яхшилик қилади. Ҳатто бошқалар йўлидаги халақит бераётган шохчани олиб ташлаш ҳам яхшиликка киради. Одамларга озор етказмаслик ҳам – яхшилик, етим-мискинларни тўйдириш ҳам – яхшилик, бировга чиройли муомала қилиш ҳам – яхшилик.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга:

” لاَ تَحْقِرَنَّ مِنَ الْمَعْرُوفِ شَيْئاً وَ لَوْ أَنْ تَلْقَي أخاكَ بوجهٍ طلِقٍ” (رواه مسلم وأحمد

яъни: “Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам”, – деганлар (Имом Муслим ва Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизни хайру саховатли, яхшилик қилувчи бандаларидан қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, барчаларимизга бу кунларнинг файзу футуҳларидан баҳраманд бўлиб, солиҳ амалларни давомли ҳолатда қилиб боришимизни насибу рўзи айласин! Янги ҳижрий 1437 сана барчамизга қутлуғ ва муборак бўлсин. Омин.

скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State