TOP 10
Уловда намоз ўқишнинг кайфияти ва ҳукми
866 Bender
Уловда намоз ўқишнинг кайфияти ва ҳукми

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду саловотларимиз бўлсин!
Бугунги кунда транспорт воситалари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Шунинг учун энг муҳим, ҳар куни беш маҳал зиммамизда бўлган намоз ибодатимизни ҳам айнан уловда адо этишимизга тўғри келиб қолади. Ҳозирги кунда намозни уловда ўқиш деганда асосан ҳаво, денгиз ва қуруқлик транспорти воситалари назарда тутилади. Шунинг учун уларнинг барчасини умумий қилиб улов деб оламиз.
Аввало билишимиз шарт бўлган шаръий ҳукм шуки, агар қиблага юзланиш ва қиём (тик туриш) имконияти бўлмаса, уловларнинг ҳеч бирида фарз намозларни ўқиш мумкин эмас.
Масалан, автомашина катта ва кенг бўлиб, бир жойда тўхтаб турган бўлса, бемалол намоз ўқиш мумкин. Чунки бундай ҳолатда намоз ўқишликни барча шарт-шароитларини юзага чиқариш имкониятлари бўлади. Самолёт, кема, поездларга ўхшаш яъни бошқарув ўзининг қўлида бўлмаган уловлар ҳам тўхтаб турган бўлса, ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо шундай ҳолатлар ҳам бўладики, мазкур уловларни ҳаракатланиб кетаётганида ҳам намоз ўқишга мажбур бўлинади. Бундай ҳолатларни шариатимизда узрли ҳолатлар деб аталади.
Қуйида эса мазкур узрли ҳолатларни зикр қилиб ўтамиз.
1. Манзилга етиб боргунча фарз намознинг вақти чиқиб кетиши ҳавфи бўлса. Аммо киши намоз вақти чиқиб кетишидан олдин манзилга етиб боришни умид қилса, намозни охирги вақтигача кечиктириб туради.
2. Ерга тушиб намоз ўқишга имконият бўлмаса. (яъни бошқарув ўзининг қўлида бўлмаган уловларни тўхтатиш ва улардан тушиб қолишни имконияти йўқ). Агар тушиш имконияти бўлса, тушиб ўқиш шартдир. Демак, бошқарув ўзининг қўлида бўлган енгил машина ёки тўхтатишнинг имконияти бўлган жамоат транспортларида намоз ўқиш ўз-ўзидан дуруст эмас. Шунинг учун имкон қадар уловни тўхтатиб, ерга тушиб ўқиш шарт.
3. Имом Нававий «Мажмуъ»да қуйдагича келтирадилар: «Масалан, агар уловдан тушиб, қиблага юзланиб намоз ўқиса, ҳамроҳларидан ажраб, қолиб кетиш хавфи бор, ёхуд ўзига ёки мол-мулкига бирор хавф бор. Лекин намозни ўқимасдан тарк этиш, қазо қилиш мумкин эмас. Ана шундай ҳолда намознинг вақти ҳурматидан уни уловда тик туриш ва қиблага юзланишга имконияти бўлмаса ҳам (ҳеч бўлмаганда намозни бошланишида қиблага юзланишга ҳаракат қилиши керак, чунки ҳозирги ривожланган даврда қибла топиш жиҳозлари ила ҳар қандай жойда ҳам қиблани топиш имконияти бор) ўқиб олади. Лекин бу намозни қайта ўқиш вожиб бўлади, чунки бундай ҳолатлар ўта нодирдир».
4.Ерда сув қалқиб тургани учун уловдан туша олмаслик. Бунда уловдан тушса, кийими шалаббо бўлади. Лекин намоз вақти тугаб қолиши хавфи бор. Агар шу хавф бўлмаса, намозни охирги вақтигача кечиктириб, улов билан сув йўқ жойга чиқиб, сўнгра намоз ўқиб олади.
5. Беморлиги туфайли уловдан туша олмаслик. Бундай ҳолатда уловни тўхтатиб, қиблага юзланиб, намоз имо-ишора билан адо этилади.
Агар юқоридаги шартлар топилса, номлари зикр қилинган уловларда намоз ўқиш дуруст бўлади. Бунга қуйидаги ояти кариманинг умумий маъноси далолат қилади.
لَا يُكَلِّفُ ٱللَّهُ نَفۡسًا إِلَّا وُسۡعَهَاۚ …
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. ..» (Бақара сураси 286 оят).
فَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ مَا ٱسۡتَطَعۡتُمۡ …
«Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг…» (Тағобун сураси 16 оят).
وَمَا جَعَلَ عَلَيۡكُمۡ فِي ٱلدِّينِ مِنۡ حَرَج..
«… ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади…» (Ҳаж сураси 78 оят).
«Мазкур шароитлар мавжуд бўлган уловда намоз ўқиш дуруст бўлса, намоз қиблага юзланиб, рукуъ, сажда билан адо этиладими ёки узр борлиги учун бу рукнлар ҳам соқит бўладими?» деган савол туғилиши мумкин.
Бунинг жавоби қуйидагича:
Агар намоз давомида тўлиқ қиблага юзланиш имкони бўлса, унга бу иш вожиб бўлади. Чунки фарз намозларнинг дуруст бўлиши муқимликда ҳам, сафарда ҳам қиблага юзланиш ила бўлади. Агар намознинг бошидан охиригача қиблага юзланиш имкони бўлмаса, намоз «Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг» оятига амал қилиб адо этилади ва ерга тушгандан кейин, эҳтиётан намоз қайтадан ўқилади.
Мазкур шартларнинг барчаси фарз намозларга оиддир. Нафл намозларда (булар ичига равотиб суннатлар ҳам киради) эса иш бироз кенгроқ олинади: уларда уловдан тушиш, қиём, рукуъ, сужуд ва қиблага юзланиш шарт эмас. Чунки Росуллуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам уловда бўлсалар, нафл намозларини улов қаёққа кетаётган бўлса, шу томонга қараб, имо-ишора билан ўқийверганлар.
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий солаллоҳу алайҳи васаллам уловнинг устида кетаётган тарафларига юзланган ҳолда нафл намозни ўқир эдилар» (Бухорий ривояти).
Лекин улов юриб кетаётганда намозни бошлаётган пайтда иложи борича қиблага юзланиш афзалдир. Аммо қиёмга қодир бўла туриб, фарз намозларни ўтириб ўқиш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло шундай деган:
وَقُومُواْ لِلَّهِ قَٰنِتِينَ
«…ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг» (Бақара сураси 238 оят).
عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَتْ بِي بَوَاسِيرُ فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم عَنِ الصَّلاَةِ فَقَالَ: صَلِّ قَائِمًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ مُسْلِمًا.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менинг бавосирим бор эди. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У зот: «Тик туриб ўқи. Агар бунга қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Унгаям қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Бундан ташқари, уловнинг устида нафл намозлар мумкин, лекин фарз намозлар мумкин эмаслигига қуйидаги ҳадиси шариф ҳам яққол далолат қилади.
عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يُسَبِّحُ عَلَى الرَّاحِلَةِ قِبَلَ أَيِّ وَجْهٍ تَوَجَّهَ وَيُوتِرُ عَلَيْهَا غَيْرَ أَنَّهُ لا يُصَلِّي عَلَيْهَا الْمَكْتُوبَةَ . أَخَرَجَهُ الْبُخَارِىُّ
«Росуллуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам уловнинг устида у қайси тарафга юзланиб кетаётган бўлса, ўша тарафга қараб суннатни ва витрни ўқир эдилар. Лекин фарзни уловнинг устида ўқимас эдилар».
Демак, бу ҳолат сафарга хосдир, бошқа ҳолатда дуруст эмас. Шунинг учун намозни имкон қадар уловдан тушиб ўқиш керак. Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида: «Бунда фарзларни қиблага юзланмаган ҳолда ўқиш дуруст эмаслиги ҳамда уловнинг устида ўқиб бўлмаслиги айтилган. Бунга ижмоъ қилинган», деганлар.
Аллоҳ таоло барча ибодатларимизни, хусусан, намозимизни бекаму кўст ўқиб, унинг учун ваъда қилинган ажру мукофотлардан икки дунёда ҳам баҳраманд бўлишимизни насиб айласин!
Исҳоқ Муҳаммад «Тўхтабой» жоме масжиди имом хатиби
Манба: ummat.uz
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State