TOP 10
Ватанпарварлик – улуғ фазилат
1366 Bender
Ватанпарварлик – улуғ фазилат
بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолонинг сизу бизга берган улуғ неъматларимиздан бири бу тинчликдир. Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:

” عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ في جَوفِ الْلَّيْل خَشِيْةً لِلَّهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ”(رواه الترمذى

яъни: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.

Дарҳақиқат, Ватан ҳимоячиси деган нарса энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳар томонлама, жисмоний ҳам маънавий жиҳатлардан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар. Ана шу сифат ва хислатларни эгаллашга ҳаракат қиладилар, зеро улар Ватан ҳимояси ҳаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туруш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини теран англаб етганлар. Улар аввало ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавму-қариндошлари, бир сўз билан айтганда Она Ватанни қўриқламоқдалар.

Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг рўёбга чиқиши, аввало, Аллоҳ таолонинг инояти ва жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир. Бу барча замонларда ўз исботини ва ифодасини топган ҳақиқатдир. Сир эмаски, бугунги кунда дунёнинг айрим мамлакатларида беқарорлик, террорчилик, наркобизнес каби миллат танламас иллатлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда. Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмонанд, диёримизда тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ва осойишталикни асраб-авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди.

Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. Шу мақсадда 1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”- деб эълон қилинди. Бундай тадбирларда иштирок этаётган ёш авлод бевосита ҳарбий ҳаёт ҳақида кўникмаларга эга бўлади. Кўрик-танловлар, давра суҳбатлари ва турли мусобақалари, шубҳасиз бўлажак Ватан ҳимоячилари маънавиятларини юқори даражага кўтариб, жисмонан бақувват, ақлан етук ва сергак бўлиб камолотга етишишларида катта аҳамиятга эга. Бу нарса, айниқса, армия сафида хизматга чақирилган ёш аскарлар учун катта тайёргарлик мактаби ҳамдир. Чунки, улар Ватан чегараларини сергаклик билан қўриқлашларида қалблари Ватан муҳаббати, чин имон ва ихлос билан лиммо-лим тўлишида муҳим аҳамият касб этади. Ёш аскар қалбида Аллоҳга бўлган ишончи, Ватан ҳамда ўз халқига бўлган садоқати уни ҳар доим огоҳ ва сергакликка чорлайди. Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий мадади билан қўллаб-қувватлайди, деб ишонади. Зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

بَلِ اللَّهُ مَوْلَاكُمْ وَهُوَ خَيْرُ النَّاصِرِينَ (سورة آل عمران/150

яъни: “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”.

Дарҳақиқат, шонли Қуролли Кучларимиз сафида йигитлик бурчини адо этиш ҳозирги вақтимизда энг шарафли ва энг масъулиятли бурчга айланди. Армия қўмондонлиги муомаласи ҳам тубдан ўзгарди, энди ёш аскар билан улар ўртасидаги муносабат ўзаро тушуниш, кичикдан итоат, каттадан адолат қилиш тартиб-қоидасига ўтди. Бу қоида бизларга Ҳазрати Расул акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:

” لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرَناَ وَ يَعْرِفْ حَقَّ كَبِيرِناَ “ (رواه أبو داود و الترمذى

яъни: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”,- деган ҳадиси шарифларини эсга солади.

Муҳтарам жамоат! Шавкатли Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган азиз фарзандларимизнинг машқ майдонидаги ҳолатларига бир назар ташлайлик. Улар махсус ҳарбий кийим-бош кийган, қўлида жанговар қурол, олисга сергаклик билан боқади. Шу кайфиятда соатлаб, сергак ҳолда машқларни адо этмоқда. Шунда беихтиёр дилимиздан Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти карималари ўтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

(سورة آل عمران/200)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз”!

Шунингдек, хотирамизга Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:

” رِباَطُ يَوْمٍ فىِ سَبِيلِ اللهِ أفْضَلُ مِِنْ صِيَامِ شَهْرِ وَقِيَامِهِ ” (رواه الطبرانى

яъни: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”,- деган ҳадислари келади.

Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло Одам наслидан дунёга келган зурриётларни ер юзида турли миллат ва элатларга бўлиб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб бундай дейди:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ (سورة الحجرات/13)

яъни: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида(энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.

Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”,-деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.

Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Муҳтарам жамоат! Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Муҳтарам намозхонлар! Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:

…وَمَنْ شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ (سورة النّمل/40

яъни: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”.

Албатта, ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, хавфсизлиги, чегара ҳудудларининг дахлсизлиги ва осойишталигини, аввало унинг Қуролли Кучлари ҳимоя қилиши зарур.

Мухтасар қилиб айтганда, мустақиллик йилларидап Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш ва ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар мустақиллигимизни асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги, осмонимиз мусаффолиги ҳамда эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.“Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, – деган экан мутафаккирлардан бири.

Кечагина ўйнаб-чопиб юрган кичкинтойлар кўз очиб-юмгунча улғаядилар. Уларни жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб улғайишига аҳамият берилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) таълим берганлар:

” عَلِّمُوا اَبْنَاءََكُمْ السِّبَاحَةَ وَالرَّمَي ، وَالْمَرْأَةَ الْمِغْزَلَ ” (رواه البيهقى

яъни: “Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар”.

Шунинг учун ҳам фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган фарзандларимизни, Ватанимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган барча фарзандларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, тинчлигимизни барқарор ва мустақиллигимиз-ни боқий қилсин. Омин!
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State