TOP 10
ҲАСАД – ЯХШИ АМАЛЛАР КУШАНДАСИ
1316 Bender
ҲАСАД – ЯХШИ АМАЛЛАР КУШАНДАСИ
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ҳасад икки хил бўлиб, яхши ва ёмонга бўлинади. Яхши ҳасад араб тилида “Ғибта” яъни ҳавас дейилади. Яхши ҳасад шундайки, инсонга берилган неъматни йўқ бўлиб кетишини ҳохламасдан худди шундай неъматни ўзида бўлишини умид қилишдир. Яхши ҳасад ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:
” لاَ حَسَدَ إلاَّ في اثنتينِ: رَجُلٌ آتاه اللهُ مالاً فَسَلَّطَهُ على هَلَكَتِهِ فيِ الْحَقِّ وَرَجُلٌ آتاه اللهُ الحِكْمَةَ فَهُوَ يَقْضِي بِها وَيُعَلِّمُها “(رواه البخارى و ﻣﺴﻠﻢ
яъни: “Ҳасад (ҳавас) икки нарсада бўлади. (биринчиси) Аллоҳ таоло бир кишига моли дунё бериб, унга эгалик килиш ҳуқуқини ҳам беради. Берилган моли дунёни ҳақ йўлига сарфлайди. (иккинчиси) Кишига Аллоҳ таоло илму-ҳикмат беради. У илму ҳикматни (ҳаққини) адо қилади ва уни (одамларга) ўргатади,” дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Ҳасаднинг иккинчи хили ёмон ҳасад бўлиб, у бошқадаги неъматни йўқ бўлишини умид қилишдир. Бундай ҳасад шариатда ҳаром қилингандир.
Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтади:
أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آَتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ (سورة النّساء/54
яъни:Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? (Нисо, 54).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам ҳасаднинг ёмон хулқлардан экани ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган.
Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтадилар: «Кимўзарга уриниб, ўзаро ҳасад қилманглар»; «Ҳасаддан четланинглар, чунки олов ўтин ёки ўт-хашакларни еганидек, ҳасад ҳам ҳасанотлар (яхши амаллар)ни еб битиради»; «Мўмин банданинг ичида Аллоҳ йўлида (ютилган) чанг билан дўзах ўти жам бўлмайди. Бир банданинг ичида имон билан ҳасад жам бўлмайди»; «Ҳасад эгаси мендан (менинг умматим) эмас», деганлар.
قال ابن مسعود رضي الله عنه : ألا لا تعادوا نعم الله ، قيل : ومن يعادي نعم الله ؟ قال : الذين يحسدون الناس على ما آتاهم الله من فضله
Ибни Маъсуд р.а. “Аллоҳнинг неъматларига душманлик қилманг,” дедилар, шунда, Ким Аллоҳнинг неъматларига душманлик қилади? дейилди. У зот Аллоҳ ўз фазли билан одамларга берган неъматларига ҳасад қиладиганлдар” дедилар.
Мўмин-мусулмон бандалар бир-бирларига ҳасад қилишдан бутунлай йироқда бўлишлари лозим. Чунки ҳасад Аллоҳ таолонинг ҳукмига қарши туришдир. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам энг олдин ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, ҳасадчи қилган барча яхшиликларни куйдириб битиради. Ҳатто энг катта бадбахтлик ҳисобланган кофирликка ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ҳазрати Абу Лайс Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад балоси ҳасад қилувчи кишига бешта азобни олиб келади. Бу бешта азоб ҳасад қилинган кишига етмасдан, ҳасад қилувчи кишига етади: ғам узилмайди; мусибат олади, унга ажр келмайди; ёмонликни олиб келади, у билан мақтанилмайди; Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади; унга тавфиқ эшиклари ёпилади».
Ҳасад туфайли улкан жиноятлар, зулм ва ёмонликлар юзага келади. Шайтон алайҳил-лаъна Одамга бўлган ҳасади туфайли унга сажда қилишдан бош тортиб, Аллоҳнинг ғазабига учради ва қиёматгача лаънатлар ичра қолди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил иниси Ҳобилга ҳасади туфайли уни ўлдириб, ер юзида илк қон тўкилишига, қотилликка сабабчи бўлди. Аҳли китоблар охирзамон Пайғамбарига ҳасадлари туфайли у зот келтирган илоҳий таълимотни инкор қилишди ва икки дунё саодатидан маҳрум бўлишди.
Азиз намозхонлар! Ҳасад иллатининг қаердан ва қандай пайдо бўлиши ҳақида бироз фикр юритиб кўрайлик. Аллоҳ таоло бир бандани бой-бадавлат, бошқасини ўртачароқ яшайдиган, яна бирини эса фақир, ночор қилиб яратган. Дунёнинг ҳамма ерида одамлар худди шундай, Аллоҳ яратган мезон асосида яшашади. Бундан фожиа ясамаслик, қўшниси ёки қариндошининг бойиб кетганига ҳасад, хусумат қилмаслик керак. Чунки бу нарсалар Парвардигорнинг ўлчовларидир, буларни бузган кишилар Унинг ҳукмидан чекинган бўлишади.
Ҳасад деган иллат оилаларга, ака-ука, опа-сингиллар орасига ёйилса-чи?! Бу ҳаммасидан ёмон. Айтайлик, аканинг омади чопган, тўрт ёни тўкис, Аллоҳ фарзанддан ҳам қисмаган. Ука эса бадавлат бўлмаса, ё тирноққа зор ўтса, ё хотиндан омади чопмаса, ушбу оиланинг тинчи бузилди деяверинг. Улар ўртасидаги зиддият, ихтилоф очиқ тус олмаса ҳам, чекка-чеккаларда, гоҳо очиқ, гоҳо пинҳона «ҳасад бомбалари портлаб туради». Ака уканинг кўнглини олишга ҳайрон: ориятига тегармикин, деб истиҳола қилади ёки қўлидан келмайди. Ука ҳам ўз навбатида акага очиқ мухолиф бўлмаса-да ичини ҳасад ўти кемиради, вужудини ёндиради, ошини оғуга айлантиради. Икки ўртада ота-онанинг дили вайрон, куни хуфтон, муросага келтиролмай жонлари ҳалак! Бу ҳолат аксинча бўлиши, ака-уканинг ўрни алмашиши ёки бу кўргилик опа-сингиллар ўртасида бўлиши ҳам мумкин.
Бир ҳукмдорнинг икки оқил ва доно вазири бор эди. Улар зимдан бирини бири хуш кўрмас, лекин ташига чиқармас экан. Бир куни у вазирларини синаб кўрмоқчи бўлибди. Аввал ўнг қўл вазирини чақириб, ҳамкасбининг илми ҳақида фикрини сўрабди. Подшоҳ у ҳозир шеригини ёмонлашни бошлаб юборади деб кутиб турган экан. Лекин ўнг қўл вазир уни мақташга тушибди: “У киши шунчалик кўп билим эгаллаганларки, тагларидаги от қандай кўтариб юрганига ҳайронман”. Подшоҳ иккинчи вазирни чақириб, унинг фикрини сўраса, у биринчи вазир ҳақида шундай фикр айтибди: “Шеригимиз шунчалик кўп илм олганларки, териларига қандоқ сиғиб турганига бошим қотган”. Подшоҳ иккови вазирнинг жавобидан хурсанд билиб, уларга янада ихлос қўйган ва мартабаларини оширган экан.
Бу-ку бир ривоят. Лекин ҳаётда-чи? Кишилар бир-бирлари ҳақида ана шу вазирлар каби холис, самимий фикр айта олишадими? Ҳасад ва кўролмаслик туфайли бир-бирларига зулм, хиёнат қилиб қўйишмаяптими? Айтайлик, тажриба учун омади чопган, ўқимишли ва ташкилотчи бирор ходим ҳақида атрофдагиларнинг фикрини билмоқчи бўлдингиз. Ишончимиз комилки, сиз фикр сўраган беш кишидан тўрттаси унинг ҳақида салбий фикрларни ёзиб беради. Сабаби – у нима иш қилса олға силжийверади, берилган топшириқни тез ва сидқидилдан бажаради, ўзи устида тинмай ишлаб, янгиликлардан воқиф бўлгани учун бошқалар каби муаммолар қаршисида довдираб қолмайди. Бу эса ўз-ўзидан баъзи ношуд, чаласавод ҳамкасбларига ёқмайди, у бор экан, ўзлари ҳали-бери амалда кўтарила олмасликларини ҳис қилишади. Оқибатда унга нисбатан ҳасад кучаяди, ҳамкасбларининг ҳар бир ютуғи уларнинг ғашига тегади, қандай қилиб бўлса ҳам уни ёмонлаш, бадном этиш ҳаракатига тушиб қолишади.
Кимгадир кўп мол-дунё ёки чуқур билим ёки катта мартаба берилган. Кимдир жуда бахтли ҳаёт кечиради, ҳаётда омади келган ёки катта кашфиётлар ва қаттиқ меҳнат билан шуҳрат қозонган. Агар инсон ана шуларни кўриб булар фақат ўзига бўлишини ўйлаб ҳасад қилса – бу жуда ёмон иллат! Лекин бундай нарсалар бошқалар қатори ўзида ҳам бўлишини орзу қилса, бунинг зарари йўқ, чунки бу ҳавас бўлади. Бироқ айримларимиз бундай холис, одил йўл тута олмай, қалбларимизни ҳасад ўти куйдиради, ўзгалар омади ва ютуғи эсанкиратиб қўяди. Яратгандан ана шуларни сўраш ўрнига ҳасад туфайли бояги шеригимизга қандай қилиб озор етказиш, уни бадном қилиш йўлларини излаймиз, юз хил режа тузамиз, панд беришга уринамиз. Оқибатда кишилар ҳасадгўйликдан азият чекади, иш манфаатларига тузалмас зарар етади, катта-катта режалар, ихтиролар амалга ошмай қолади, энг даҳшатлиси жамиятда ишонч ва адолатга раҳна етади. Озгина кўролмасликдан бошланган «ёз-ёз»лар қанча-қанча одамларнинг тинчини бузиб, катта-катта хайрли, эзгу ишларга тўғаноқ бўлиши ҳам ана шундан эмасмикин?!
قال رسول الله صلي عليه وسلم : يَطْلَعُ عَلَيْكُمْ الآن مِنْ هذَا الفَجِّ رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ الجنَّةَ فسُئِلَ عَنْ عَمَلِهِ فَقاَل : لا أجدُ في نفسي عَلَى أَحَدٍ مِن المسلمينَ غِشّاً وَلا أَحْسُدُ أحداً على خَيْرٍ أعطَاه الله إياه (رواه أحمد
яъни: Имом Аҳмад ривоят қиладилар; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:“Ҳозир сизларнинг олдингизга мана бу водийдан жаннатий бир киши келади дедилар” У кишидан қиладиган амали ҳақида сўралганда, Мен мусулмонлардан бирон бир кимсага ёлғончилик, сохталик қилмайман, Аллоҳ таоло яхшилик ато этган бирор кимсага ҳам ҳасад қилмайман; деди.
Муҳтарам жамоат!Одам ҳар қандай бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам халос бўлиши шарт. Юракда ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Ҳасадсиз одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Одам бошқа кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда ўзига ҳам берилишини хоҳласа, ҳавас қилган бўлади. Ҳавас гуноҳ саналмайди. Урва ибн Зубайр (раҳматуллоҳи алайҳ) дедилар: «Тавозуъ (ўзини паст олиш) шарафли кишиларнинг овидир, ҳар бир неъматга ҳасад қилинади, лекин тавозуъда ҳасад йўқ». Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай дедилар: «Эй одам фарзанди! Нима учун биродарингизга ҳасад қиласиз. Агар уни ҳурматлаш учун Аллоҳ таоло ўз фазлидан берган бўлса, нима учун Аллоҳ ҳурмат қилган кишига ҳасад қиласиз? Энди бундан бошқа нарсада бўлса, унинг боражак жойи дўзах бўлганидан ҳасад қилмоғингиз ҳам яхши эмасдир».
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг Ўзининг холис бандаларидан айлаб, инсон фитратидаги энг ёмон қусурлардан бўлган ҳасадгўйлик хасталигидан асрасин, мукаррам ахлоқлар билан сифатланиб, икки дунё саодатини қўлга киритишимизга муяссар қилсин, омин!
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State