TOP 10
Диний бағрикенглик – тинчлик ва тотувлик гарови
1497 Bender
Диний бағрикенглик – тинчлик ва тотувлик гарови
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Муҳтарам жамоат! Инсоният тарихига назар ташласангиз, бу кўҳна дунё ҳаёти ҳамиша уруш ва можаролар, келишмовчилик ва хусуматлашишлар билан кечаётганига гувоҳ бўласиз. Буларнинг ҳаммаси инсонлар ўртасида аҳиллик, муросагўйлик, бир-бирини тушуниш ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш каби инсоний фазилатларнинг тобора унутилиб бораётгани сабабли содир бўлмоқда. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бандаларини тинч-тотув, аҳилликда, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб ҳаёт кечиришга буюрган ва буни ҳидоятга эришишнинг асосий йўлларидан бири деб зикр этган. Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ (الحجرات: 13

яъни: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман)халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу)мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардоро эотдир”.

Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.

“Диний бағрикенглик” дегани мусулмонлар истилоҳида «мурувват» дейилади. Бу тушунча кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндошиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир. Ана шунга биноан мусулмонлар бутун тарих давомида бошқа динларга ва уларнинг вакилларига бағрикенгликнинг, мурувватнинг буюк намуналарини кўрсатиб келишди.

Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри эди, Унинг расули умматга берган кўрсатма эди. Қуръон ва Суннат ҳукмига кўра, мўмин-мусулмонларнинг бирор қавмни ёмон кўришлари ёки ўша қавмларнинг мусулмонларга душманлик қилиши уларга нисбатан зулм қилишга, ҳақларини поймол этишга сабаб бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади:

لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ (سورة الممتحنة/8

яъни: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб)чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.

وَلَا تُجَادِلُوا أَهْلَ الْكِتَابِ إِلَّا بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِلَّا الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْهُمْ

(سورة العنكبوت/46)

яъни “(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар” (Анкабут сураси, 46-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурматлаш, ҳақларига риоя қилишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан борига даъват қилишдан чарчамадилар. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадисда эса:«Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти). «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).

Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши эди, эътиқод ва динлар тарихидаги бир янгилик эди. Ислом илк давриданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: «барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим» ва ҳоказолар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийлари вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки Нажрон насронийлари келганида, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар.

Бағрикенглик, кечиримлилик бобида у зотга тенг келадигани топилмайди. Олам сарвари қасос ва ўч олиш имконияти бўлатуриб ўзларига ва барча мусулмонларга чексиз зулм ва ёвузликлар кўрсатган, она шаҳарларидан қувиб чиқарган маккалик мушрикларни ҳам, тош олиб у зотни яралаган ва шаҳридан қувган тоифликларни ҳам, амакилари ва энг жасур саркардаларини ўлдирган қулни ҳам, ўзларига заҳар берган аёлни ҳам, хулласи ҳаммани бирдай кечира оладиган зот эдилар.

Динимизнинг боқий асоси Қуръони карим ва ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўчмас таълимотларида қўни-қўшничилик, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Ҳазрат Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Бу ўринда саҳобаи киром ва тобеинлар ҳаммамизга ўрнак ва намуна кўрсатишган. Жумладан, бир куни Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг уйларида қўй сўйилиб, қўни-қўшниларга ҳадя тариқасида улашилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу :

” هَلْ اَهْدَيْتُمْ لِجَارِنَا الْيَهُودِيِّ هَلْ اَهْدَيْتُمْ لِجَارِنَا الْيَهُودِيِّ ” (رواه البخارى

яъни: “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадядан бердингизларми?”, – деб қайта-қайта сўраб: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қўшнилар ҳаққини адо этиш зарурлигини эшитганман”, – деганлар.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўзга динларга хайрихоҳлиги, меҳр-муруввати ва адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди.

Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳунинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди.



Муҳтарам жамоат! Жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Яратганга минг шукрким, мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, улар тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Тарих шоҳидки, Ислом дини инсониятга диний бағрикенглик, мурувват, адолат, раҳм-шафқат ва халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, аҳиллик олиб келган ягона диний низом бўлди. Диний бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.

Аллоҳ таоло юртимиз халқларини фаровон айлаб, ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини бардавом ва барқарор қилсин! Омин.
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State