TOP 10
Кексаларни эъзозланг
1497 Bender
Кексаларни эъзозланг
بسم الله الرحمن الرحيم


Муҳтарам жамоат! Маълумки ислом дини инсонларни бир-бирига доимо яхшилик қилишга амр қилди. Жумладан, Кексалик инсон умрининг сокин давридир. Чунки одам кексайганида катта ҳаётий тажрибага, теран ақлга эга бўлади. Шундай пайтда, уларнинг кўмаги ва маслаҳатига ёшлар доимо эҳтиёж сезадилар. Агар ёшларимиз меҳнатсевар, ҳалол, диёнатли, эл иши учун фидойи бўлиб, тарбия топмоқни истасалар, кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибаларидан фойдаланишлари лозим.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати илоҳийси билан кимгадир қисқа, кимгадир узоқ умр ато этган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

…وَمَا يُعَمَّرُ مِنْ مُعَمَّرٍ وَلَا يُنْقَصُ مِنْ عُمُرِهِ إِلَّا فِي كِتَابٍ إِنَّ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرٌ

(سورة فاطر/11)

яъни: “Бирор узоқ умр кўрувчининг умри узайтирилган бўлса ёки умридан камайтирилган бўлса, албатта, у Китобда(Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир”. (Фотир сураси, 11-оят).

Инсон ҳаётини мевали дарахтга қиёслашади. Ваҳоланки унга мўъжизавий сўзни қўшиб қўйса ҳам бўлар экан. Чунки, у бир мавсумнинг ўзида ҳисобсиз куртаклар тугиши, гуллаши, кўпдан-кўп мевалар бериши мумкин. Кексалик эса, худди мевалар етилган мўъжизавий боққа ўхшайди. Луқмони Хакимдан: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?”, деб сўрадилар. “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир”, деб жавоб берди у киши. Фарзандлар учун ота-онасининг панд-насиҳатларига риоя этишлик фарз ҳисобланади. Ҳадисда айтиладики: “Отага итоат этиш Аллоҳга итоат этишдир. Унга гуноҳкор бўлиш Аллоҳга гуноҳкор бўлиш билан баробардир”

Азиз намозхонлар! Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Буларнинг барчаси юртимизнинг азиз дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар:

“لَوْ لاَ الشُّيُوخُ الرُكَّعُ وَاْلبَهائِمُ الُرتَّعُ وَالْصِّبْيَانُ الرُّضَّعُ لَصُبَّ عَلَيْكُمُ الْبَلاَءُ صَبًّا” (رواه البيهقى

яъни: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди”.

Ёши улуғларимизнинг биз учун тер тўкиб ҳаракат қилаётганларини, қўлларидан келадиган барча яхшиликларни фақат фарзандларига аташларини яхши билишимиз, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлишимиз, айтганларини бажаришимиз, отамиз чарчаган пайтда ва унга ёрдам керак бўлганида дарҳол кўмакка шошилишимиз, фарзандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туришимиз лозим. Зеро, ҳадисда айтилади: “Ота-оналарингизга қандай яхши муомала қилсангиз, фарзандларингиз ҳам сизга шундай муомала қиладилар”. Адолат мезони уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларини муносиб тақдирлашни тақозо этади. Зеро, Аллоҳ таборака ва таоло марҳамат қилиб айтади:

هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ (سورة الرّحمن/60

яъни: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир”.

Инсон дунёга келганда жуда заиф ва нимжон бўлади. Аста-секин катта бўлиб қувватга тўлади. Йиллар ўтиб кексайган сари яна қуввати кетиб, заиф бўлиб қолади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

اللَّهُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ ضَعْفٍ ثُمَّ جَعَلَ مِنْ بَعْدِ ضَعْفٍ قُوَّةً ثُمَّ جَعَلَ مِنْ بَعْدِ قُوَّةٍ ضَعْفًا وَشَيْبَةً يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْقَدِيرُ (سورة الرّوم/54)

яъни: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин(қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва Қудратлидир” (Рум сураси, 54-оят).

Бу дунёда инсонни қилган яхшиликлари-ю, эккан дарахтлари, вояга етказган фарзандлари-ю, тарбиялаган шогирдлари улуғлайди. Инсон дунёга келиб, умргузаронлик қилади, ўсади, улғаяди. Кечаги гўдак, бугун йигит. Вақт ўтиши билан ёшлик ҳам бевафо дўст сингари ташлаб кетади бизни. Зеро, бу ҳаёт қонунидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:

“خِيَارُكُمْ أَطْوَلُكُمْ أَعْمَاراً وَأَحْسَنُكُمْ أَعْمَالاً“ (رواه الحاكم

яъни: “Одамларнинг яхшиси узоқ умр кўриб, шу умрини яхши амал билан ўтказганидир”.

Минг афсуслар бўлсинки, қариялар ва кекса ота-оналар баъзи бир кишилар назарида дардисардек, ортиқчадек туюлади. Бирор даврага кирган ёшлар ёки фарзандлари баъзан “уф” тортадилар. “Қариганда уйда ўтирса бўлмасмикин-а?” деб, нотўғри ўйлайдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни ўз ота-онасига яхшилик қилишга амр қилиб бундай дейди:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْنًا … (سورة العنكبوت/8

яъни: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик...” (Анкабут сураси, 8-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا (سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/23)

яъни: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга(доимо) ёқимли сўз айт!”. (Исро сураси, 23-оят).

Ушбу оятда “уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки хизматкордек тутиш кабиларни тушуниш керак бўлади.

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ (سورة لقمان/14

яъни: «Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир». (Луқмон сураси, 14-оят).

Муҳтарам жамоат! Ҳа, ҳаётнинг ўзига хос аччиқ ва ширин томонлари бор. Айниқса, кексалар эътиборга, меҳр-мурувват ва шавқатга жуда муҳтож бўладилар. Киши етмишга етса, янада табарруклашади. Бундай инсонларга қулоқ тутмоқ ва панду насиҳатларини олмоқ лозим. Оилани оёққа турғазган, ўғил-қизларни ўстириб, едириб-ичирган, оила, фарзандлар камолини деб елиб югурганлар ҳам шулар.

Кексаликнинг муаян мушкулотлари, мураккабликлари бор. Беморлик, кўз хиралашиши, оёқ-бел оғриши, кучдан қолиш, аввалги завқ-шавқларнинг сусайиши, қадамнинг майда, йўллар эса олис бўлиб қолиши экан.

Ҳаётда, атрофимизда яхши кишилар борлигидан, улар билан ёнма-ён яшаётганимиздан қувонишимиз керак. Унутмайлик, имон-эътиқодли қариялар бўлмаган жойда яхши тарбияли ёшлар ҳам бўлмайди.

Қарияларимизга ғамҳурлик қилиш, уларни парвариш этиш ёшларнинг бурчи бўлиб, бунга катта ажрлар берилади. Ҳадиси шарифда айтилади:

“رِضَا الرَّبِّ في رِضَا الْوَالِدِ وَ سَخَطُ الرَّبِّ في سَخَطِ الْوَالِد” (رواه أبو داود

яъни: “Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”.

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни Ўзининг ҳифзу ҳимоятида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин, фарзандларимизга инсоф ва тавфиқ бериб, ота-оналарини эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан қилсин! Омин.
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State