TOP 10
Савоб ишларга шошилайлик
1560 Bender
Савоб ишларга шошилайлик
بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ислом ҳидоятида тарбия кўрган унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъй-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган. Инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига олиб келиши аниқ. Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ارْكَعُوا وَاسْجُدُوا وَاعْبُدُوا رَبَّكُمْ وَافْعَلُوا الْخَيْرَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

(سورة الحج/77)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!”. (Ҳаж сураси, 77-оят).

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шуни алоҳида таъкидлайдиларки, ислом дини инсонга унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.

Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат даражасига кўтарилади.

Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Савоб ишлар сирасига яхши ва эзгу ишлар, яъни жамиятга фойдаси тегадиган амаллар киради. Шу жумладан, қуйидагиларни ҳам кўрсатиш мумкин: хайру саховат, муҳтожлар ва етимларга яхшилик қилиш, омонатдорлик, кечиримлилик, қариндош-уруғ билан силаи-раҳмда бўлиш, яхши қўшничилик, беморларни зиёрат қилиш, илм олишга ҳаракат қилиш ва ёшларни илмга даъват қилиш, жамиятда тинчлик-хотиржамликни таъминлашда фаол бўлиш; гуноҳ-маъсият ишлардан тийилиш. Бу ўринда Қуръони каримда шундай айтилади:



لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ

(سورة آل عمران/92)

яъни: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилади, Ул зот: “Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир” – деб марҳамат қилганлар.

Бошқа ҳадисда айтилади:

“إِنَّ اللهَ جَوَّادٌ ويُحِبُّ مَعَالِيَ الأَخْلاَقِ وَيَكْرَهُ سَفْسَافَهَا” (رواه الترميذي

яъни: “Аллоҳ таоло сахийдир, сахийларни дўст тутади. Аҳлоқи олий кишиларни ёқтириб, аҳлоқсизларни ёқтирмайди”.

Абу Мусо (рз.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар:

“عَلَي كُلِّ مُسْلِمٍ صَدَقَةٌ قَالُوا يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَجِدْ ؟ قَالَ: يَعْمَلُ بِيَدِيهِ فَيَنْفَعُ نَفْسَهُ وَ يَتَصَدَّقُ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ؟ قَالَ : يُعِينُ ذالحْاَجَةِ الْمَلْهُوفَِ قَالُوا: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَفْعَلْ؟ قَالَ: يَأْمُرُ بِالْمَعْرُوفِ أَوْ بِالْخَيْرِ قَالُوا: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَفْعَلْ ؟ قَالَ: يُمْسِكُ عَنِ الشَّرِّ فَاِنَّهَا لَهُ صَدَقَةٌ” (متفق عليه

яъни: “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобалар савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Саҳобалар савол беришди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди” Саҳобалар сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.

Демак, мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишисининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз(с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар:

” اَلْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَ يَدِهِ “ (رواه البخاري

яъни: “Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир”.

Дарҳақиқат, мусулмон кишиси жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Ҳақиқий мусулмон яхши амалларни қилишда бардавом бўлади, у ҳар вақт Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг ушбу ҳадисларига амал қилиб бормоғи матлубдир:

” لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتيَّ يُحِبُّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ “ (متفق عليه

яъни: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам раво кўрмагунига қадар чин имонли бўлмайди”.

Демак, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир.

Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлар эди. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам – бир яхшилик. “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим” – деган шиорни ўзимизга дастур билиб, доим яхшиликлар пайида бўлмоғимиз бизни ҳақиқий инсонийлик сифатига сазовор этиб, Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муаяссар этади. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат яхшилик-жаннатдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб:

” مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ مَنْ يَسَّرَ عَليَ مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللهُ عَلَيْهِ فيِ الدُّنْيَا وَا لْآخِرَةِ ” (رواه مسلم

яъни:“Кимики,бирмўминдандунёқийинчиликлариданбирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур” – деб айтганлар.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:

الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ (سورة ال عمران/134

яъни: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларда ҳам инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади”. (Оли Имрон сураси, 134-оят).

Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.):

“لاَ تَدْخُلُوا الجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا وَلاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحابوا …” (رواه مسلم

яъни: “То мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар”, - деб, таълим берганлар (Имом Муслим).

Муҳтарам жамоат! Дарҳақиқат, бирор жонзот йўқки, меҳр-мурувватга муҳтож бўлмасин. Бировга меҳр кўргазиш ва унга яхшилик қилиш қанчалар савобли ва шарафли иш экани барча ақли расо инсонларга яхши маълумдир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида:

“أطْعِمُوا الجَائِعَ وَعُودُوا المَرِيضَ وَفَكُّوا العَانِي” (رواه البخاري

яъни: “Очга таом беринглар, беморни зиёрат қилинглар ва асрни озод этинглар”, - деганлар (Имом Бухорий).

Ислом динида етим ва муҳтожларга яхшилик қилиш ҳам савобли иш сифатида баён қилинган. Ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.):

” أَنَا وَكَافلُ اليَتِيمِ في الجَنَّةِ هَكَذا وَأَشارَ بالسَّبَّابَةِ وَالوُسْطَى، وَفَرَّجَ بَيْنَهُمَا ” (رواه البخاري

яъни: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатганлар”.

Жамиятдаги мискин, бемор ва ногиронлар, ёши улуғ кишилар, хусусан ота-оналарга, қариндош-уруғларга, қўни-қўшниларга яхшилик қилиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш ҳам динимиз талабидир. Албатта, юртимизда меҳрибонлик уйларида истиқомат қилувчиларга давлатимиз томонидан улар учун қулай шароитлар яратиб берилган. Уларга оталарча меҳрибонлик ва ғамхўрлик қилинмоқда.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, юқорида зикр этилган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар маъно ва мазмунларидан огоҳ бўлиб ва ибрат олиб, бир-биримизни яхши ишларга чақирсак, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга яхшилик қилсак қилинган, яхшилик ва хайру эҳсонларнинг савобидан биз ҳам баҳраманд бўламиз, иншоаллоҳ. Аллоҳ таоло жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибатин зиёда айлаб, бизларни хайру саховатли меҳр-мурувватли бандаларидан қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, барчаларимизни бу кунларнинг файзу футуҳларидан баҳраманд қилиб, солиҳ амалларда давомли бўлишимизни насибу рўзи айласин! Омин.
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State