TOP 10
Эҳсон ва садақа – савоб омили
2073 Bender

Эҳсон ва садақа – савоб омили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا (سورة النّساء/36

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги(қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!” Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди. (Нисо сураси 36 оят)

Муҳтарам жамоат! Шунинг учун мўмин-мусулмонлар Аллоҳ ато қилган молларидан ота-оналари, қариндошлари, қўни-қўшнилар ҳамда фақир ва ночорларга хайри эҳсон қилишлари талаб этилади.

“Эҳсон” деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Қуръонда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади. Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор:

مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا وَمَنْ جَاءَ بِالسَّيِّئَةِ فَلَا يُجْزَى إِلَّا مِثْلَهَا وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ (سورة ﺍﻷﻧﻌﺎﻡ/160

яъни: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки(бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай” (Анъом сураси, 160-оят).

Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам –эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон. Аллоҳ азза ва жалла бундай буюради:

لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ

(سورة آل عمران/92)

яъни: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга)эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. (Оли Имрон сураси, 92-оят)

قُلْ لِعِبَادِيَ الَّذِينَ آَمَنُوا يُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُنْفِقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَ يَوْمٌ لَا بَيْعٌ فِيهِ وَلَا خِلَالٌ (سورة إبراهيم/31

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!” (Иброҳим сураси, 31-оят)

Азиз намамозхонлар! Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, бундай кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган.

“Садақа” луғатда “инфоқ, хайр-эҳсон” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса Аллоҳ таоло розилиги учун бериладиган ёки бажариладиган ҳар қандай нарса садақа саналади. “Садақа” деганда, одатда, фақат муҳтожларга, фақир кишиларга, гадо-тиланчиларга бериладиган нарса тушунилади. Аслида, эса хайр-эҳсоннинг барча турларини ҳам “садақа” деса, бўлаверади.

Садақа мажбурий ва ихтиёрий бўлади. Мажбурий турига фарз ва вожиб бўлган закот, ушр, фитр, каффорот кабилар киради. Фарзу вожибдан кейинги ўринда турадиган ихтиёрий садақага эса ҳар қандай хайр-эҳсон, худойи, хайрия ташкилотларига, жамғармаларга, етимхона ва қариялар уйларига бериладиган моддий ёрдам ва шукабилар киради.

Баъзи тушунмаган кишилар орасида фарз, яъни мажбурий садақа билан нафл (ихтиёрий) садақани аралаштириб юбориш ҳоллари учрайди. Бундайлар закотни беришмайдию, аммо шуҳрат қозониш, ном чиқаришга, кимўзарга турли зиёфат, маросимлар ўтказиб, ўзларича садақа қилган бўлишади. Ҳожатларидан ташқари тижорий мол-мулклари нисобга (маълум миқдорга) етган кишиларнинг ўша молларининг қирқдан бир улушини чиқариб, ҳақдорларга беришлари мажбурий садақа, яъни закотдир. Закотни тегишли, мустаҳиқ жойларга берилади.

Азиз намозхонлар!Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинганки, қуйида булардан айримларини кўриб чиқамиз:

Ибн Масъуд розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Икки кишига ҳасад қилиш, яъни қаттиқ ҳавас қилиш жоиз. Биринчиси: Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берсаю, у киши ўша мол-дунёни ҳақ йўлда инфоқ қилса. Иккинчиси: Аллоҳ таоло бир кишига ҳикмат (илм) ато этсаю, у киши ўша илм билан ҳукм қилиб, илмидан одамларга таълим берса”, дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хурмонинг ярмини инфоқ-эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”, деганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Тонг оттирганида банда ҳузурига икки фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳим, инфоқ (нафақа-эҳсон) қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси: “Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофот бер”, дейди” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одам боласи, молингдан инфоқ қил. Шунда сенга ҳам инфоқ этилади”, дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розиллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ таоло кечиримли бўлган бандасининг иззат-шарафини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун ўзини ҳоксор тутса, Аллоҳ таоло унинг мартабасини баланд қилади”, дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Абу Мусо Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмонга садақа лозим», деганларида, саҳобалар: «Агар уни топа олмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўли билан ишлаб топиб ўзи ҳам фойдаланади ва садақа ҳам қилади», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бечораҳол муҳтожга ёрдам берсин», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликка буюрсин», дедилар. «Агар буни ҳам қила олмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёмонликдан ўзини тийсин, шундай қилиши ҳам садақадир», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Муҳтарам жамоат! Ўтмиш аждодларимиз ҳам Ислом дини талабларига кўра, эҳсон ва садақа қилишда бутун инсониятга намуна бўлишган. Шулардан атиги бир киши, ҳамюртимиз Абдуллоҳ ибн Муборакнинг саховатлари, сахийликлари ва таниган-танимаганга садақа-эҳсон қилишлари ҳақида шунчалик кўп ривоятлар келганки, шулардан бир нечасини тилга олишнинг ўзи кифоя.

Манбаларда келишича, Абдуллоҳ ибн Муборак бой-бадавлат бўлиб, унинг жами мол-мулки тўрт юз минг динорлидан зиёд бўлган экан. Йиллик даромади эса юз минг динорга тўғри келар экан. Лекин бу бойлик отасидан қолмаган эди, унинг отаси бор-йўғи бир боғбон бўлган эди. Абдуллоҳ бунча катта давлатни ўз меҳнатию саъй-ҳаракатлари туфайли қўлга киритган эди. Ибн Муборак бу мол-давлатини ўзидан кейинги авлодларига мерос қилиб қолдириш, сандиқларга тахлаб қўйиш, уларни қимматбаҳо уй анжомлари ва бебаҳо туҳфалар сотиб олишга сарфлаш учун тўпламаган эди. У зот ақлли, диёнатли зуҳду тақвога таянган, сермулоҳаза, охиратни ўйлаб иш тутадиган инсон бўлиб, унинг мақсади молу-дунёсини Аллоҳ розилиги йўлида, хайрия ишлар ва эзгу мақсадларга сарфлаш бўлган. Зикр этилганидек, Ибн Муборак ҳар йили юз минг дирҳам пулини ибодат, зуҳд ва илм аҳлига сарфлар эди.

Ибн Муборакнинг ўзи ҳатто жазирама, иссиқ кунларда ҳам рўзадор бўлар, муҳтож одамларни энг яхши таоми билан боқар эди. Агар у таом ейишга ўтирса, ҳеч қачон бир ўзи овқатланмай, албатта бирор меҳмон билан баҳам кўрарди. Бу хусусда Ҳасан: “Мен Ибн Муборакнинг Хуросондан то Бағдодгача қилган сафарида ҳамроҳлик қилгандим, лекин шу сафар давомида бирор марта ҳам унинг ёлғиз ўзи овқатланганини кўрмадим”, деб ҳикоя қилган. У хурмо харид қиларди-да, уни мискину бечораларга улашиб: “Ким менинг хурмоларимдан еса, ҳар бир еган хурмоси учун бир дирҳам мукофот олади”, дерди-да, кейин ейилган хурмо данакларини санаб, хар бир данакка ҳисоблаб, бир дирҳамдан тарқатарди.

Мовароуннаҳрнинг атоқли олими Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир яҳудий қўшнилари бор эди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан олдин камбағал қўшниларининг болаларига овқат берар, ўз болаларини кийинтирмасдан олдин ўша яҳудийнинг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: «Ҳовлингни бизга сот», дейишди. Шунда яҳудий: «Ҳовлимни икки минг динорга сотаман. Аслида унинг нархи минг динор. Кейинги минги эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учун», деди. Кейинчалик ўша яҳудий Абдуллоҳнинг дуолари шарофатидан мусулмон бўлди.

Бир куни Ибн Муборакдан бир гадой пул сўраган эди, у бир дирҳам эҳсон қилди. Шунда унинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалузаж (ширинлик) каби таомларни истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берса ҳам кифоя қилар эди,” дейилар. Шунда Ибн Муборак: “Худо ҳаққи, улар кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, башарти улар фалузаж ва гўшт ер эканлар, унда уларга бир дирҳам етмас экан”, дейди ва ўз хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгин-да, унга ўн дирҳам бер”, дея амр қилади.

Азиз намозхонлар! Дунёда ўтган аждодларимиз қилган бундай яхшиликлар, садақотлар, хайрли амаллар бугун барчамиз учун ибрат ва дастурул амал бўлиши керак. Айниқса ёшларимиз, фарзандларимизни саховатга, олийжанобликка, қўли очиқликка мана шундай ибратли воқеалар орқали ўргатишимиз керак бўлади. Токи бу жаннатмакон юртда авлодларимиз аждодлар қилган севимли амалларни давом эттирсинлар. Очнинг қорнини тўйғазиш, юпунни кийинтириш, ҳожатманднинг ҳожатини чиқариш, қарздорнинг қарзидан қутулишига ёрдам бериш, етимлар ҳолидан хабар олиш, бемор сиҳатини сўраш ҳар бир инсоннинг, ҳар бир мусулмоннинг муҳим вазифаси эканини бугунги ва кейинги зурриётлар билсинлар. Бунга амал қилиб, хайр-саховатни кўпайтирсинлар. Ана шунда гўзал диёримиз бундан ҳам гуллаб-яшнайди, келажагимиз фаровон бўлади. Жамиятда аҳиллик ва тенглик вужудга келади. Яхшиликлар инсониятга ва борлиқ оламларга давомли бўлиб турган жойга Аллоҳ жалла ва аълонинг марҳамати ва баракотлари нозил бўлаверади. Аллоҳ таборака ва таолонинг баракоти ёғилган ушбу жаннатмакон юртимиз янада обод ва кўркам бўлаверади.

Жаннатмакон азиз юртимизнинг барча ёши улуғ кексалари, бобо ва момоларимиз бу йил давлатимиз томонидан эълон қилинган “Кексаларни эъзозлаш йили”да янада кўпроқ ва мукаммал имтиёзларга эга бўлиб кексалик гаштини сўрмоқдалар. Мана шу йил фурсатидан бизлар ҳам унумли фойдаланиб нафақадаги ёки бизлар билан ҳамнафас бўлиб яшаётган қарияларимиз ҳурматларини янада юқори даражаларга кўтариб, моддий ва маънавий эҳтиёжларини яхшироқ қондиришга ҳаракат қилишимиз керак. Уларни тез-тез зиёрат қилиб, дуоларини олишликни асло эсдан чиқармайлик, зеро улуғ ёшдагиларнинг дуолари, Аллоҳ таоло ижобатга яқиндир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳақ ва ҳидоят йўлида қилиб, икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State