TOP 10
05.02.2016й. Имоми аъзам – мазҳаббошимиз
1474 Bender
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Муҳтарам жамоат! Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий, яъни Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) Ироқнинг Куфа шаҳрида 80/699 йилда таваллуд топди. У киши аҳли сунна фиқҳий мазҳаб бошлиқларидан энг аввал туғилгани ҳисобланади. Ривоят қилишларича, Имоми Аъзамнинг отаси Собитни болалик чоғида бобоси Зутий ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ҳузурларига олиб келиб, унинг ҳақига дуо қилишларини сўрайди. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриётига баракот берсин, деб дуо қиладилар. Аллоҳ таолонинг азалий иродаси ва ушбу дуо шарофатидан Собитнинг зурриётидан Имоми Аъзам (Улуғ Имом) машҳурлик касб этди ва бу зотнинг мазҳаблари оламга ёйилиб, шогирд ва эргашувчилари сон-саноқсиз бўлди.

Абу Ҳанифа виқор ва салобат эгаси эди. Кўп фикрлаб, кам сўзлар эди. Тақво соҳиби, дунё аҳлига кам аралашар, фойдасиз ва бекорчи гап-сўзларни ёқтирмас, саволларга қисқа ва лўнда жавоб берадиган зукко мужтаҳид эди. Фиқҳни тартибли усул ҳолига келтириб, барча дунёвий масалаларнинг фойда ва зарарли ҳолатларини баён этиш натижасида ўз дунёқарашини соғлом ақида асосида шакллантирган эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фиқҳ илми ва фақиҳ олимлар ҳақида марҳамат этиб шундай деганлар:

عَنْ مُعَاوِيةَ بْنِ أَبِي سُفْيَانَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا قال:سَمِعْتُ النَبِيَّ صَلَّى الله عليه وَسَلَمْ يَقُول: "مَنْ يُرِيد ُالله ُبِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ في الدِّينِ" (متفق عليه

яъни: ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши ушбу сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, деб айтдилар: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ (дин олими) қилади”. Дарҳақиқат, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳга Аллоҳ таоло чиндан ҳам яхшиликни раво кўрди. Ул зотни дин илмида мумтоз қилди, мазҳабини бошқа мазҳаблардан кўра мукаммал ва мумтоз қилди.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳақида Абдуллоҳ ибн Муборак шундай дейдилар: «Имоми Аъзамдек ақлли, улуғ кишини кўрмадим». Ҳорун ар-Рашид шундай деган: «Кишилар кўз билан кўролмайдиган нарсаларни Абу Ҳанифа ақл кўзи билан кўради». Имом Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Устозим Имоми Аъзамдек ақлли ва мурувватли инсонни кўрмадим».

Муҳтарам жамоат! Имоми Аъзам ҳазратлари шогирдлари ва бошқа одамларга жуда кўп икром ва эҳсон қиладиган, раҳмдил ва кичикфеъл эдилар. Бинобарин, уйлана олмайдиганларни уйлантирар, шунга муносиб нафақа ҳам берар эдилар. Яна керакли нарсалар юбориб, мурувват қилиб турардилар. Бир куни бир суҳбатдошларининг кийими кир бўлгани ва эскириб кетганига кўзлари тушди. Бошқалар чиқиб кетган вақтда ундан яна бироз ўтиришини сўрадилар. Сўнгра унга: «Жойнамознинг тагида пул бор, олиб ўзингизга кийим харид қилинг», – дедилар. Ўша шогирдлари пулни олиб кетиб санаган эди, минг танга чиқди.

Васлий Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Йўлбошчимиз Имоми Аъзам ҳазратларининг ҳамма одамларга, хусусан, шогирдларига эҳсон ва саховатлари таҳсинга сазовор ва барчамизга ўрнакдир. Қани энди устозлик даъвосини қилгувчи ҳар бир мударрис Имоми Аъзам ҳазратларининг бу гўзал одатларини ўзига дастуриламал билиб, шогирдларга марҳамат назари билан қараса, уларга саховат кўрсата олмаган тақдирда ҳам, ҳечқурса улардан бирон нима тама қилмаса, шунда балки шогирдлар ҳам илмли, ҳам ҳиммат ва мурувватли бўлармиди».

Абу Ҳанифа минглаб талабаларга сабоқ бериб, улардан қирққа яқини мужтаҳидлик мартабасига эришгани диққатга сазовордир. Абу Ҳанифа ўз фикрини энг тўғриси дейишдан қочар, ҳатто ўз фикри борлигини маълум қилар ва бундан яхшироқ ечимни топганга эргашишини айтар эди.

Абу Ҳанифа 150/767 йили Куфа шаҳрида вафот этди ва Бағдод шаҳрининг «Аскар Маҳдий» номли мавзеидаги Хайзурон номли қабристоннинг шарқий томонида дафн этилди. А. Деҳхудонинг ёзишича, унинг жаноза намози Ҳасан ибн Аммора имомлигида ўқилган.

Қадрли намозхонлар! Имоми Аъзам мазҳаби ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини чуқур ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, айрим ҳолларда юзага келадиган турли зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмокда.

Мовароуннаҳр мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (ҳанафий) мазҳаби кўрсатмаларига риоя қилиб келганлар. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдирганлар. Халқимиз ҳам шу мазҳаб йўл-йўриқларига амал қилишга ўрганиб қолганлар.

Унинг илмий меросида бир неча васиятнома, «Муснад» ҳадис тўпламлари, «Фиқҳи акбар» номли ақоидга доир бир қанча асарлар мавжуд. Булардан ташқари «ал-Фиқҳул-абсат, «Китобул-олим вал-мутааллим», «Китобур-рисола», «ал-Қасидатун-Нўъмония», «Маърифатул-мазоҳиб» номли асарлари ҳам бизгача етиб келган.

Юқорида зикр этилганидек, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ барча имомларнинг пешвоси, фақиҳларнинг устози, Имом Шофеий таъбири билан айтганда, барча одамлар фиқҳда унинг боқимандалари, яъни шогирдлари бўлган зот эдилар. Аллоҳ таоло у кишига ноёб заковат, етук ақл, ўткир фикр ато этган бўлиб, ҳар бир масалани чуқур таҳлил қилар, ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин қолмайдиган даражадаги аниқ ҳужжат ва далиллар асосида ҳукм чиқарар эдилар. У кишининг илми бутун оламга ёйилиб, олимлар ҳам, омма халқ ҳам у зотнинг таълимотларини зўр эътибор ва очиқ кўнгиллик билан ўрганиб келмоқдалар. Имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда мустаҳкам асосларга-Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламд аврларидан бошлаб, саҳобаи киромлар ва тобеинлар даврида ҳам барча мусулмонлар Ислом шариатининг асоси деб эътироф этган асосларга-Қуръони каримга, суннати набавияга, ижмоъга, қиёсга ва саҳобаларнинг қавлларига суяндилар.

Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар: "Мен, аввало, ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам, Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан оламан. Агар Аллоҳнинг китобида ҳам, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ҳам топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан оламан, агарда булар ихтилоф қилган бўлсалар, уларнинг сўзидан Қуръон ва ҳадисга яқинроғини оламан, уларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Агарда саҳобаларнинг сўзидан ҳам топа олмасам ва гап тобеинларга етиб келса, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан", -деганлар ва масалани юқоридаги асосларга биноан ҳал қилганлар. Айримлар даъво қилганидек асло ўз райларига қараб иш тутмаганлар.

Ҳанафий мазҳаби II ҳижрий асрдан ер юзининг турли мамлакатларига тарқалиб, дастлаб Аббосийлар давлати ундан сўнг бошқа ўлкалар томонидан қабул қилинди. Хусусан, Ироқ, Эрон, Мовароуннаҳр, Хуросон ва Туркия ҳудудларида турли даврларда ҳукм юритган Аббосийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Мисрда Айюбийлар, Мамлуклар, Мовароуннаҳрда Темурийлар, Бобурийлар, Шайбонийлар давлатлари ва Усмонийлар салтанати томонидан расмий мазҳаб сифатида қабул қилиниб, барча ҳудудларида барча шаръий масалалар ечими ва маъмурий идора ишлари ушбу мазҳаб асосида олиб бориларди.

Ҳозирги даврда ҳанафийликнинг жўғрофий ҳудуди Марказий Осиё давлатлари, Хитой, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Сурия, Саудия Арабистони, Яман, Миср, Жазоир, Тунис, Марокаш, Туркия, Индонезия ва бошқа мусулмон ўлкаларини ўз ичига қамраб олади. Абу Ҳанифа мазҳаби айтиб ўтилган мамлакатларнинг айримларида етакчи ўринни тутса, айримларида иккинчи ёки учинчи ўринда туради.

Муҳтарам жамоат! Абу Ҳанифа – Имом Аъзамдек зотнинг мазҳабида бўлганимиз ва юртимиздан чиқиб, шу мазҳабнинг кенг ёйилиши ва шаръий фатволарнинг халқимизга етказиб беришда бебаҳо асрлари билан ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Ҳафс Кабир ва Сағир каби олиму уламо, фақиҳу фуқаҳоларнинг бизнинг заминимиздан чиқариб қўйгани ҳамда дунё мусулмонларининг 60 фоизга яқини шу мазҳабга мансуб экани учун Ҳақ субҳаноҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар ва бениҳоя шукроналар айтишимиз ва шундай ҳидоят йўлини кўрсатиб берадиган тўғри йўлимиз турганда турли залолат ҳамда гумроҳликка олиб борадиган оқим ва тоифаларнинг тузоғига тушиб қолмасликни ҳам Ўзидан сўраб турмоғимиз зарур бўлади. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бизнинг ислом динига муносабатимиз баъзи миллий қадриятларимизда ҳам яққол кўринадики, ҳар бир мусулмон юртдошимиз уларга беихтиёр риоя қилади. Энг муҳими, биз бу ишларни намойиш этиш учун эмас, имонимиз, эътиқодимиз амри билан адо этамиз”.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг мазҳабимизга мустаҳкам бўлиб амал қилишимизни насибу рўзий айласин!




ЖУМА ТЕЗИСИГА ҚЎШИМЧА ИЛОВА


بسم الله الرحمن الرحيم




Муҳтарам жамоат! Яқинда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Муфтий ҳазратлари билан мулоқотда бўлиб, ҳайвонлардан одамларга ўтадиган юқумли касалликлар тўғрисида ҳар бир фуқаро хабардор бўлиши, бу касалликларни олдини олиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ва ўта хавфли касалликлар ҳақида кенг жамоатчилик билиши лозимлиги борасида сўҳбат бўлди. Эътиборингизга қўйидаги касалликдан хабардор бўлиб ундан эҳтиёт бўлишга чорлаймиз.

Мана шундай юқумли касалликлардан бири Бруцеллёз (қора оқсоқ) касаллиги одамларга, асосан қорамол, қўй, эчкиларнинг кўпайиш вақтида сўлаги, сути, қони ва янги туғилган қўзичоқ ҳамда бузоқни йўлдош суюқликлари орқали юқиб, унинг микроблари билан теварак-атроф зарарланади. Шунингдек, чорва молларини боқиш, уларнинг маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнида ҳамда касал бўлган ҳайвон гўшти, жигари, калла-почалари етарли пиширилмасдан ва улардан олинган сут, қаймоқ хом ҳолатда истеъмол қилинганда ҳам одамларга юқади.

Қора оқсоқ касаллиги – инсоннинг суяк-бўғимлари, асаб тизимлари шикастланиб, умрбод ногирон бўлиб қолиши, аёлларда ҳомиланинг тушиши ҳамда эркак ва аёлларнинг бепушт бўлиб қолишига олиб келиши мумкин.

Қораоқсоқ касаллигини одамларга юқишини олдини олиш учун қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилиш зарур:

- хонадонларда боқилаётган чорва молларини ҳудудий ветеринария врачлари томонидан бруцеллез касаллигига йилда бир марта баҳор ойида эмлатиш керак;

- ветеринария врачлари томонидан хонадонларда боқилаётган йирик ва майда шохли молларнинг қонидан намуна олиниб, вақти-вақти билан лабораторияда бруцеллез касаллигига текширтириш зарур;

- амалдаги тартибга мувофиқ бруцеллез касаллиги аниқланган чорва моллари, кушхоналарда сўйилиб, уларнинг гўшти колбаса ёки тушенка ишлаб чиқариш корхоналарига топширилиб, жигар, ўпка, қора талоқ, ичак ва калла-почаларини эса, олдин пишириб, кейин ташлаб юборилиши шарт;

- касалланган чорва молларини, уларнинг гўшти ва калла-почаларини бозорларда сотиш қатъиян таъқиқланади;

- бозорлардан, қўни-қўшнилардан хавфсизлиги кафолатланмаган сут, қаймоқларни сотиб олманг ва истеъмол қилманг,

- бу маҳсулотларни озиқ-овқат дўконларидан харид қилиш мақсадга мувофиқ;

- етарли пишмаган гўшт ва жигардан тайёрланган таомларни, айниқса кабобни истеъмол қилишдан ўзингизни сақланг;

- шахсий гигиена қоидаларига доимий риоя қилинг, овқатланишдан олдин қўлларингизни совунлаб ювишни ёдингиздан чиқарманг.

Касаллик аломатлари пайдо бўлган ёки сезилган ҳар бир ҳолатда, зудлик билан шифохонага мурожаат қилинг.

Ўзингиз, яқинларингиз, қўни-қўшниларингизни бруцеллез касаллигидан ҳимоя қилишда бефарқ бўлманг!

Аллоҳ таолодан бу каби иллат ва касалликдан барчаларимизни ҳифзу-ҳимоя қилишни, юқорида зикр этилган эҳтиёт чораларига амал қилишимизни насиб айласин. Ҳақ таоло ҳаммаларимизга икки дунё саодатини муяссар этсин! Омин.скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State