TOP 10
Тавба қилиш – ҳидоятдир
1612 Bender
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
Муҳтарам жамоат! Инсон бу дунё ҳаётида билиб-билмай турли хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради, Аллоҳ таоло қайтарган бирор амални қилиб қўяди. Гуноҳ ва хатоларнинг ювувчиси, кетказувчиси тавба ва истиғфордир. Истиғфор – ўтган нарсанинг ёмонлигидан сақлашни сўраш, тавба эса келажакда ўз амалларининг ёмонлигидан сақлашни талаб қилишдир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат этилади:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ … (سورة النّساء/48

яъни: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур” (Нисо сураси, 48-оят).
Аллоҳ таоло банданинг бундай хато-гуноҳларини фақат у тавба қилсагина, Ўзидан мағфират қилишини илтижо билан сўрасагина кечиради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади:

إِلَّا الَّذِينَ تَابُوا وَأَصْلَحُوا وَبَيَّنُوا فَأُولَئِكَ أَتُوبُ عَلَيْهِمْ وَأَنَا التَّوَّابُ الرَّحِيمُ
(سورة البقرة/160)

яъни: “Илло, қайсилари тавба қилиб, хатоларини тузатиб, (ҳақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳмлидирман” (Бақара сураси, 160-оят).
Шунинг учун банда ҳар куни, ҳар сонияда тавбага шошилиши лозим. “Ҳали вақт бор-ку, ҳали ёшман-ку” демай, Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, Унинг мағфиратини сўрашга ошиқиши керак. Инсон ўлишидан олдин тавба қилсагина ва бузган нарсаларини тузатишга, ҳаракат қилсагина, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Чунки яратган Парвардигорга холис тавба қилиш денгиз кўпигидан кўп гуноҳи бўлса ҳам кечирилишига сабаб бўлади. Холис тавба қилиш гуноҳларига ва хатоларига астойдил афсусланиш, надомат чекиш, энди бу гуноҳларга қайтмасликка азму қарорга келиш орқали рўёбга чиқади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: «Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар! Мен бир кеча-кундузда юз марта тавба қиламан». У зот шундай деб турганларида биз, умматлари тавба қилмасдан ва истиғфор айтмасдан умр ўтказишимиз нечук бўларкин?! Яъни, тавба ҳар қандай шароитда, ҳеч бир истисносиз вожибдир. Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Аллоҳ таоло тавба қилган бандаларининг гуноҳ ва хатоларини албатта кечиришини, Ўзининг раҳмат ва мағфиратидан фақат кофир кимсаларгина ноумид бўлишини зикр этиб, бундай марҳамат этади:

… وَلَا تَيْئَسُوا مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِنَّهُ لَا يَيْئَسُ مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ
(سورة يوسف/87)

яъни, «… Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур»» (Юсуф, 87).
Қуръони каримдаги Аллоҳ таолонинг:

… لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ (سورة الزّﻣﺮ/53

яъни, «…Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир» (Зумар, 53) деган ояти каримаси кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробардир. Фақат Аллоҳ мағфиратига ва раҳматига сазовор бўлишнинг битта шарти бор: банда шу дунёда тавба қилиб, имонга келиши, қолган ҳаётини солиҳ, яхши амаллар билан ўтказиши лозим. Шундагина Аллоҳ таолонинг мана бу ояти каримасига кўра банданинг ёмонликлари савобга айлантирилади:

إِلَّا مَنْ تَابَ وَآَمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُولَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا (سورة الفرقان/70

яъни: “Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр”. (Фурқон, 70).
Муҳтарам жамоат! Банданинг тавбаси Аллоҳ таоло томонидан қабул бўлишининг бир неча шартлари бор. Булардан биринчиси пушаймонликдир. Яъни банда қилган гуноҳ-хатоларидан пушаймон бўлиши, уларга изтироб чекиб, жони қийналиши, ҳузур-ҳаловати кетиб, уйқу ва оромдан кечишидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Гуноҳнинг каффороти пушаймонликдир” (Имом Аҳмад, Табароний, Байҳақий ривояти);
Яна Расули акрам айтганлар: “Агар кўкка етгудай гуноҳлар қилиб, кейин хатоларингиздан пушаймон бўлсангиз, Аллоҳ албатта тавбангизни қабул қилади” (Ибн Можа ривояти);
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким гуноҳини эслаб алам чекса, кейин қалбида бундан қўрқув пайдо бўлса, унинг бу гуноҳи Уммул Китобдан (Лавҳул маҳфуз) ўчирилади”, деганлар.
Тавбанинг иккинчи шарти гуноҳларга энди асло қайтмасликка қатъий азму қарор қилишдир. Гуноҳдан қайтмаган кишининг истиғфоридан, надоматидан фойда йўқ. Бордию инсон бир гуноҳ ишдан сўнг тавба қилсаю кейин яна уни қайтарса, унинг тавбаси ҳақиқий тавба саналмайди. Аллоҳ таоло:

وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُعَذِّبَهُمْ وَأَنْتَ فِيهِمْ وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ (سورة ﺍﻷنفال/33

яъни: “Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас. ” (Анфол, 33), деган.
Хабарларда келишича, “Гуноҳда бардавом бўлатуриб, гуноҳнинг кечирилишини сўраш Аллоҳнинг оятларидан истеҳзо қилишга ўхшайди” (Ибн Абу Дунё ривояти). Яна айтилишича, “Тил билангина истиғфор айтиш каззоблар (ёлғончилар) тавбасидир”.
Тавбанинг учинчи шарти гуноҳларни бутунлай тарк этишдир. Гуноҳларни тарк этган киши уни савоб ишлар билан ювади. Тавбаси қабул этилишидан умидсиз бўлмайди. Тоат-ибодатларни кўпайтириш, Аллоҳ йўлида садақа-эҳсонлар қилиш, фақат солиҳ амаллар қилишга ўтиш тавбанинг қабул бўлиш шартларидандир.
Байҳақий Муоз ибн Жабалдан (розияллоҳу анҳу) ушбуни ривоят қилган: “Агар бир гуноҳ қилсангиз, унга каффорот бўладиган бир яхшилик қилинг. Махфий гуноҳга махфий яхшилик, ошкора гуноҳга ошкора яхшилик каффорот бўлади”. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек: “Яхшиликлар албатта ёмонликларни кетказади”, деганлар.
Жунайд Бағдодий (раҳимаҳуллоҳ) бундай деган эканлар: “Тавба-тазаррунинг уч маъноси бор: пушаймон бўлиш, такрор гуноҳ қилмасликка қарор қилиш ва ўтказган ситамларига кечирим сўраб, ноҳақ олган нарсаларини эгаларига қайтариб, хусуматдан халос бўлишдир”.
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қиладилар: «Аллоҳ таоло иблисни туширган вақтда (иблис): «Сенинг иззатинг билан қасам, мен Одам фарзандидан то унинг руҳи жасадидан ажралмагунича ажралмайман!» деди. Аллоҳ таоло айтди: «Менинг қудратим, улуғлигим ҳаққи, бандамдан тавбани ўлим билан келаётган ғар-ғара вақтида ҳам тўсмайман!»
Луқмони ҳаким ўғилларига айтганлар: «Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: биттаси – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди: иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар банда бир гуноҳ қилса, кейин: “Эй Аллоҳим, мен бир гуноҳ содир қилиб қўйдим, мени кечиргин”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ қилди, унинг Парвардигори гуноҳларни кечириши ва шу гуноҳ билан жазоланишини билди. Бас, бандамнинг гуноҳларини кечирдим”, дейди», дедилар.

Азизлар! Тавбага юзланиш инсон жинсига фарз қилинган азалий ҳукмдир. Банданинг ўзи Исломда бўлмагунича, ота-онасининг мусулмонлигидан унга наф йўқ. Яъни, тавба ҳар бир шахс зиммасидаги фарзи айндир. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Гуноҳ икки хил бўлади: сен ва Парвардигоринг орасидаги гуноҳ ҳамда сен билан бандалар орасидаги гуноҳ. Аллоҳ таоло билан сенинг ораларингдаги гуноҳнинг тавбаси тил билан истиғфор айтиш, юракдан пушаймон бўлиш ва шу гуноҳга қайтмасликни қасд этиш билан бўлади. Агар буларни қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечади. Агар гуноҳда Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлса ва ўша ҳақ шарҳий жазога лойиқ бўлсаю, уни биров билмаган бўлса, ўша гуноҳ яширин ҳолда қолгани яхши. Агар фарзларидан биронтасини ташласа, у пайтда то ўша бажармаган ибодатини қилмагунича тавбаси фойда бермайди. Кейин пушаймон ейди ва истиғфор сўрайди. Аммо сен билан бандалар орасидаги гуноҳ бундай: улар рози бўлмасалар, то ораларингни очиқ қилмагунларингча тавба сенга фойда бермайди! Яъни, мазлумнинг ҳаққини қайтариш, рози қилиш (ўзидан ризолик сўраш) зарурдир. Киши хусуматчисини бу дунёда рози қилмаса, охиратда унинг яхшиликларидан олиниши ҳақида хабар келган».
Банда бир гуноҳ иш ёки хато қилиб қўйса, чин дилдан Аллоҳ таолога илтижо билан ёлбориб қилган тавбаси “тавбаи насуҳ” (самимий тавба) дейилади. Киши тили билан тавба қилсаю, феҳл-одатини ўзгартирмаса, бунақа тавба ёлғончининг тавбаси бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Тили билан тавба қилиб, гуноҳни эса ташламасдан ҳамиша ва доим қилиб юрадиган бундай одамни Парвардигорини масхара қилувчидир», деганлар. Юракдан пушаймон бўлиб, бошқа гуноҳ ишга абадий қайтмасликка чин кўнгилдан ният қилиб тили билан истиғфор айтиш тавбаи насуҳдир.
Аллоҳ таоло бандани Ўз инояти билан Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Гуноҳдан тавба қилган киши гуноҳ қилмаган киши кабидир» деган ҳадислари мазмунига эриштирса, демак, гуноҳкор бандаларга Аллоҳнинг раҳматини исташ керак бўлади, холос. Яъни, бир мусулмон киши билмасдан гуноҳ ишни қилиб қўйса, кейин тушуниб етиб, тавба қилса – чин кўнглидан надомат қилса ва қайта ўша ишни қилмасликка аҳд қилса, билмасдан қилган илгариги гуноҳлари ювилиб кетиши ҳақида ҳадисларнинг бирида: «Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни ювиб юборади», дейилган. Яъни, бир киши илгари гуноҳ ишларни қилиб юрган бўлсаю, кейин мусулмон бўлса, мусулмон бўлишидан олдинги гуноҳлари мусулмон бўлиши билан ўз-ўзидан ювилиб кетади.

Муҳтарам жамоат! Банда учун тавба қилиш вожиблиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўп зикр этилган. “Ҳозир эрта, вақти келганида тавба қилиб олармиз”, деган фикр, фикрларнинг энг ёмонидир, қаттиқ адашувдир. Аллоҳ таоло билиб ё билмай қилинган хатоларни чин тавба туфайли кечиради. Тавбани давомли қилиш ҳам вожибдир, чунки банда, ким бўлишидан қатъий назар, гуноҳкордир. У аъзолари билан гуноҳ қилишдан сақланган чоғида ҳам шайтон васвасасига йўлиқиши ва бировнинг ҳақини ўзлаштириши мумкин. Инсон бўйнида тавба билан кечирилмайдиган нарсалар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, агар у гуноҳ одам боласининг, Аллоҳ таоло бошқа қулининг ҳақига боғлиқ бўлса, унинг гуноҳи тавба билан кечирилмайди. Олдин у ҳақ эгасига қайтарилиши, ҳақ эгаси рози қилиниши шарт. Бундай қилмаса, Аллоҳ таоло банданинг ҳақини кечмайди. Бировнинг ҳақи борасида мисол кўп. Инсонларнинг ўзаро (қўшничилик, шерикчилик, оға-инилик, устоз-шогирдлик, мерос каби) муомала-муносабатларида бир-бирларига ҳақлари ўтиб қолади. Шунинг учун бир-бирларини рози қилишлари ва розилик тилаб туришлари керак. Ҳақи ўтганларга: «Дўстим, сенинг ҳаққинг менга ўтди, менда сенинг шу миқдордаги ҳаққинг бор. Кўнглингдагини айт, шу дунёда ҳаққингни берай-да, мендан рози бўл, охиратда даъвогар бўлиб юрма», дейиши керак.
Бу мисоллар молу мулк ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ҳақдорига қайтарилишига ва ризолашишига тегишлидир. Бандаларнинг ҳақи маънавий нарсаларда бўлса, ундан ҳаққини ҳалол қилишни илтимос қилади: «Сенинг менда кўп ҳаққинг бор. Кўп яхшиликлар қилдинг. Аллоҳ таоло сендан рози бўлсин, ҳақингдан рози бўл», деб кўнглини олишга ҳаракат қилиш керак.
Инсон елкасида гуноҳларидан, бандаларнинг ҳақларидан ташқари ўқилмаган намозлар, тутилмаган рўзалар сабабидан ҳам қарздорлиги қолади, гуноҳкор бўлади. Бунинг гуноҳи кутилганидан ҳам оғирроқдир. Демак, инсон бу дунёда намоз ва рўзаларини вақтида адо этиши ва қазо қилган намозларининг қазосини ўташи лозим. Токи бўйнида қарз бўлиб қолмасин.
Муҳтарам жамоат! Жон ҳалқумга келмасидан илгари тавба қилиш зарур. Ундан кейин кеч бўлади. “Гуноҳларим кўп, Аллоҳ таоло уларни кечирармикин” деган шубҳа-гумонлардан узоқ бўлайлик, Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфирати ҳақ! Аллоҳ таолонинг раҳматидан фақат шайтон ва кофир кимсаларгина умидсиз бўлади, Биз хатокор бандалар Парвардигор раҳматини истаб, мунтазам астойдил, чин дилдан тавба қилайлик. Зотан, самимий юракдан қилинган тавба туфайли Аллоҳ таоло бандасининг гуноҳларини кечиради. Аллоҳ таоло барчаларимизни тавбаи насуҳ қилувчилардан айласин ва гуноҳларимизни мағфират этган бўлсин, азиз юртимизни тинч. халқларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин!
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State