TOP 10
Аср иллатидан сақланайлик
1396 Bender
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло Ўзининг илми ва ҳикмати билан инсон зурриётини барча махлуқотлари орасида азиз, мукаррам қилиб яратиб, унинг ақли, насли, жисми, дини, мол-мулки, шаъни каби энг муҳим асосларини муҳофаза қилишга буюрган. Булардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади. Аммо кишилик жамиятида шундай иллат ва балолар борки, улар юқорида тилга олинган барча инсоний асосларга бирданига таҳдид қилади. Ана шундай ҳалокатли иллатлардан бири одамнинг иммунитет танқислиги вируси, яъни ОИВдир. “Аср иллати” деб ном олган бу иллатнинг ҳозирги пайтдаги кўлами ва зарари шунчалик улканки, уни даф қилишга бирор давлат ёки тузилманинг кучи етмаётир. Бу шундайин даҳшатли иллатки, у инсоонинг ақлига ҳам, наслига ҳам, диний эътиқодига ҳам, мол-мулкию, шаън-обрўсига ҳам бараварига шиддатли тажовуз қилмоқда.

Аллоҳ таоло барча махлуқоти ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратган. Унга Ердаги жуда кўп нарсаларни бўйсундириб қўйган ва саноғига етиб бўлмас неъматларини берган. Бу билан буюк Парвардигоримиз инсониятни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, жамият ва дин манфаати йўлида яхши амалларни қилишга, виждонли, мустаҳкам иродали, жисми соғлом, гўзал хулқли, дин ва жамиятга наф келтирувчи, Ватанини ҳимоя қилувчи, умматга қалқон бўлувчи, Ўзига ибодат қилувчи, ўзига юклатилган вазифани мукаммал адо қилувчи бўлишга ва фақат покиза нарсаларни истеъмол қилишга даъват этади. Ана шундай катта вазифалар юкланган инсон зурриёти Аллоҳ буюрганидай яшаш учун жони, соғлиги, ақли ва жисмининг соғлом бўлиши учун қайғуришга масъулдир. Агар инсон бу борадаги мувозанатнинг бузилишига сабаб бўладиган ёмон йўлларга қадам қўйса, омонат қилиб топширилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган бўлади ва ўзини ҳалокат чўғига ташлаган бўлади.

Ҳозирги асримизда мазкур ОИВ балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди. ОИВ касаллиги Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабабчидир. Зеро, бу Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид ишдир. Улуғ Аллоҳ азза ва жалла барчамизни огоҳлантириб айтади:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ …(سورة البقرة/195

яъни: “…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара, 195).

Бошқа бир оятда эса:

…وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا (سورة النساء/29

яъни: “…ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29).

Муфассирлар ушбу оятни бир неча хил тафсир қилишган, шулардан бири “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”. Яъни ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай ўзини ўзи ўлдириш таъқиқланмоқда. Ёки шаръан рухсат этилмаган ҳар қандай иллатга, хусусан ОИВ балосига мубтало бўлиш ҳам шулар жумласидандир.

Барча мавжудодлар ичида азизу мукаррам ва ақл-идрок соҳиби қилиб яратилган инсон зоти ўзининг ботиний ва зоҳирий тан аъзоларини Аллоҳ таоло белгилаб ва кўрсатиб қўйган ўринларда фойдаланиши ва ишлатиши лозим бўлади. Зеро, инсон уларнинг ҳар бири тўғрисида масъулдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтади:

وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا (سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/36

яъни:“(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”.

Шу билан бир қаторда инсон ўзига омонат қилиб берилган барча тана аъзолари ва ақлини турли ёмон иллатлардан, зарарлардан авайлаб сақламоғи лозим. Хусусан, тез суръатлар билан ривожланаётган ҳозирги асримизда оламшумул тарзда кенг тарқалаётган юқумли ОИТС касаллигидан эҳтиёт бўлиш керак бўлади. Зеро, инсон ўз соғлиғи, покизалиги унинг ҳаёти учун зарурлигини Аллоҳ таоло ояти каримада хабар бериб шундай дейди:

… يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِالْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَوَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ…(سورة الأعراف/157

яъни:“У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди”.

Бу муборак ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига ва у зот орқали барча мўмин-мусулмонларга нопокликлардан четда бўлишни буюрмоқда. Айрим муфассирлар оятда зикр қилинган бу нопокликлар фақат инсон танасидаги ва устбошидагилардангина иборат эмас, балки бунга яна ширк, зинокорлик, ахлоқсизлик, безорилик, ҳаром қилинган нарсалар, яъни шаробхўрлик, гиёҳвандлик, бузуқлик каби маънавий нопокликлар ҳам киради, деб айтишган. Динимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхшилик кўзгусидир.

Маълумки, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ва Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан бу касалликни даволаш ва тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Кейинги йилларда бу юқумли касаллик бўйича 150 та давлатларда “Миллий ҳайъатлар” тузилди ва улар катта миқдорда маблағ билан таъминланди, “Глобал жамғарма” таъсис этилди. Бу касалликнинг олдини олиш ва уни одамлар ўртасида кенг тарқалмаслиги учун зарур бўлган барча чора-тадбирлардир.

Шунингдек, ҳар йили 1 декабрь ОИСТ яъни, ортирилган иммун-танқислик синдромига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.

Бу юқумли касаллик ижтимоий касалликдир. Шунинг учун у кенг маънода нафақат иқтисодий, сиёсий зарар келтиради, шунингдек, оилавий, руҳий, маънавий, ахлоқий жиҳатдан салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Шундай экан, касалликнинг олдини олиш, даволаш, тарқалишини чеклаш ишларида ақл-заковат билан иш тутиш катта аҳамиятга эга. Шу сабабли руҳий тўсиқларни бартараф этиш керак бўлади. Бунинг учун ҳар қандай шароитда ҳам ахлоқ, одоб ва ўзаро ҳурмат руҳида яшаш, ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган ҳолда ўзини ва ўзгани ҳимоя қила билиши, маънавий ва маданий жавобгарликни ўз бурчи деб билиши керак бўлади.

Муҳтарам жамоат! Жамиятимизда оз бўлсада учраб турган СПИД касали ва гиёҳвандлик каби иллатлар ҳозирги кунда бутун жаҳонда ўта мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Инсоният ва жамият учун балою-офат бўлган мазкур иллатларни таг-туги ва илдизи билан йўқ қилиш учун илмий асосланган, самарали усуллардан фойдаланишимиз керак.

Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, - дейди. Эҳтимол, орангизда аксариятингиз “Биз бундай зарарли иллатлардан йироқмиз” деб ўйлашлари мумкин. Тўғри, Аллоҳга шукрки, ибодатли мусулмонларимиз орасида СПИД ва гиёҳвандлик балосига мубтало бўлганлар учрамайди. Аммо мусулмон кишининг зиммасида шундайин улуғ вазифа борки, у ўзи мўмин ва тақволи бўлиш билан бирга жамиятдаги бошқа инсонларни ҳам шундай бўлишга чорлаши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек,

” لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتىَّ يُحِبُّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ “(رواه البخارىو ﻣﺴﻠﻢ

яъни: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи севган нарсани биродарига ҳам бўлишини истамагунча ҳақиқий мўмин бўлмайди” (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадисдан шу нарсани тушунишимиз керакки, яъни ўзига раво кўрган фаровон ҳаёт, соғлиқ ва саломатликни бошқаларга ҳам раво кўриш, уларни ҳалокатга етакловчи иллатлардан қайтариш ҳақиқий мўминлик аломатларидандир. Шунинг учун маҳалла-кўй, ташкилот ва ўқув юртларида бўлганимизда ёшларга СПИД, гиёҳвандлик ва тамаки чекишнинг зарарлари ва офатлари ҳақида эринмай тушунтирайлик, уларни бу гуноҳ ва қалтис йўлдан қайтаришга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қилайлик!

Аллоҳ таоло барчаларимизни, хусусан ёш авлод бўлган азиз фарзандларимизни аср вабоси саналмиш ОИВ-СПИД касали ва бангилик иллатидан Ўз паноҳида сақласин! Гиёҳвандлик ва ўта хафли иллат бўлган СПИД вабосига қарши олиб бораётган холис ҳаракатларимизда, тарғибот ва ташвиқот ишларимизда муваффақиятлар ато этишини сўраб дуолар қиламиз! Омин.
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State