TOP 10
Саккиз фойда
811 Bender
Саккиз фойда

Бир куни Шақиқ Балхий (машҳур сўфий, Иброҳим Адҳамнинг шогирди (ваф: -177) Ҳотам ул-Асом (балхлик улуғ шайх, Шақиқ Балхийнинг шогирди ваф: 238) дан сўради:
- Мана, ўттиз йилдирки, сен билан мен ҳамсуҳбатмиз. Айт-чи, шу давр мобайнида бундан нима наф кўрдинг?
Ҳотам айтди:
- Шу ўрганган илмимдан саккиз фойда олдим. Умид қиламанки, шу саккиз фойда мени жаҳаннам ўтидан сақламоққа кифоя қилади.
- Бу қандай фойда экан? – деб сўраганида жавоб берди:
- Биринчи фойда шуки, халққа юз тутдим ва кўрдимки, ҳар бирининг маҳбубию маъшуқи бор. Баъзи маҳбублар то ўлим шарбатини татигунча ҳамсуҳбатдирлар. Баъзи севишганлар қабр ёқасигача бирга бўлишади. Кейин унинг (оламдан ўтганини) ёлғиз ўзини қабрга қўйиб қайтишади – бирон бир маҳбуб ёки маъшуқ йўқки, маҳбуб ё маъшуқи билан бирга қабрга кирса!.. (Оламдан ўтгач) бу маҳбуб ё маъшуқанинг биронтаси унга ҳамдард бўлолмайди. Шуларни ўйлаб, ўз-ўзимга айтдим: Энг афзал маҳбуб улким, киши билан бирга қабрга киради ва ҳамдардлик қилади. Ўзимга эзгу амалдан ўзга садоқатли маҳбубни топмадим ва шунигина дўст тутдим, токи у қабримда менга ёруғ нур бўлсин ва мени ёлғиз қолдирмасин.
Иккинчи фойда шуки, одамларнинг барчаси кўнгли тусаган мақомга эргашиб, нафси тилаган нарсаларга ошиқишини кўриб, Оллоҳ таолонинг шу сўзларини эсладим: “Кимки Оллоҳ ҳузурида жавоб беришдан қўрқиб, нафсини ёмонликдан тийса, албатта жаннат унинг жойидир”. Оллоҳнинг ибодатига рози бўлиб, бўйсунмагунча нафсимга қарши турдим, унга қарши уруш очиб, ўзимни ёмон истаклардан қайтаришга енг шимардим.
Учинчи фойда шу бўлдики, ҳар инсонларни кўрдим – молу дунё учун елиб-югуради, тўплаган молини қизғаниб, хайрли ва савоб ишларга сарфламайди. Буни кўриб, Оллоҳ таолонинг сўзини эсладим: “Сизларда бўлган молу бойлик тугайди. Оллоҳ ҳузуридаги бойликлар туганмасдир”. Бу дунёда нимаики бойлик орттирган бўлсам, барчасини Оллоҳнинг розилиги йўлида сарф этдим ва унинг ҳузурида менга захира бўлсин, деб камбағалларга тарқатдим.
Тўртинчи фойда шуки, баъзи эл-элатларни кўрдим: “Бизнинг обрў-иззатимиз – қавмимиз ва қариндошларимизнинг кўплиги туфайли” деб, шунга мағрурланишади. Айрим халқлар ўзларининг обрў-иззатлари сабабини моддий бисот ва фарзандларининг кўплигида кўришади ва бу билан фахрланишади. Бошқалари эса ўз обў-эътибори баландлиги боисини бировларга зулм қилиб, мол-мулкини зўравонлик билан тортиб олишда деб билса, яна бир тоифа борки, мол-дунёсини номатлуб жойларга исроф этиб сарфлашда деб хаёл қилади. Шунда Оллоҳ сўзи ёдга тушади: “Батаҳқиқ сизнинг обрў-иззатли бўлишингиз – оллоҳдан қўрқиб, тақво қилганингиздадир”. Бас, тақвони ихтиёр этиб, Қуръоннинг ҳақ ва ростлигига иймон келтирдим. Ҳалиги кишиларнинг фикр ва гумонлари ботил ва ғофилликларидан далолатдир.
Бешинчи фойда шу бўлдики, инсонларни кўрдим: баъзилари баъзиларини мазаммат, ҳақорат ва ғийбат қилурлар. Бунинг баҳонаси – бандаларнинг мол-дунё мансаб-мартаба учун бир-бирига ҳасад қилишида деб билдим ва Оллоҳ таолонинг шу сўзларини эсга олдим: “Мен уларнинг бу дунёда тўкис яшамоқлари учун етарли ризқ-насибаларини бўлиб бердим”. Билдимки, ризқ-рўз тақсимоти азалдан Оллоҳ таоло томонидан белгиланган экан. Бас, ҳеч бир кишига ҳасад қилмасдан, Оллоҳ яратган қисматга рози бўлдим.
Олтинчи фойда шуким, одамларни кўрдим: ўткинчи дунёнинг мансаб-мартабаси, ҳою-ҳаваси туфайли бир-бировини душман тутиб ғараз-адоват сақлайди. Шунда Оллоҳнинг сўзини эсладим: “Шайтон сизларнинг душманингиздир шайтонни ўзингизга душман деб билинг”. Ва англадимки, шайтондан ўзгани душман гумон этмоқ жоиз эмас экан.
Еттинчи фойда шулки, ҳар кишиларни кўрдим – бойлик тўплаш илинжида жидду жаҳд ила елиб-югуриб, ўзларини ўтга-чўққа уриб, қийнаб юришибди. Ким тирикчилик қиламан деб, ҳаром шубҳалардан ҳам парҳез қилмай, қадрини пастга уриб, ўзини хор этиб.. Шунда Оллоҳ таоло сўзини хотирладим: “Ер юзидаги барча махлуқнинг ризқини адо этувчи Оллоҳ таолодир”. Бас, иқрор бўлдимки, ризқ Оллоҳнинг инон-ихтиёрида экан, унинг ибодати ила машғул бўлдим. Бошқа тарафлардан умидимни уздим.
Ниҳоят, саккизинчи фойда шу бўлди: Қай бир бандани кўрмайин, суянчиғи, таянадигани – ўзига ўхшаган яна бир банда, яъни яратилмишдирким, ўша махлуқни паноҳ тутади. Баъзиси пулига, баъзиси бисотига, баъзиси касб-корига ва яна баъзиси ҳали айтганимиздек, ўзига ўхшаган ночор махлуқ – яратилмишга таянади. Шунда Оллоҳ таолонинг ушбу каломи ёдимга тушди: “Кимики Оллоҳ таолога таваккал қилса (суянса), Оллоҳ уни кифоя этгувчидир. Албатта, Оллоҳ у кишининг ишини мукаммал қилгувчидир. Оллоҳ таоло батаҳқиқ ҳар бир нарса ва ҳодисани ўз тақдири билан ато этган. Бас, Оллоҳ таолога таваккал қилдим, у менинг кифоя этгувчимдир, у менинг буюк суянчиғимдир”.
Шақиқ Балхий айтдилар: “Мен Таврот, Забур, Инжил ва Қуръонни мутолаа этдим. Шу тўрттала китоб мана шу саккиз фойдага буюриб, шундан амр этади. Кимики шу саккиз фойдага амал қилса, шу тўрт самовий китобга амал қилган бўлади”.
(Шарқ ҳикояти ва ривоятлари китоби (56-57-бетлар).
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State