TOP 10
Ирим қилманг
1313 Bender
Ирим қилманг
ИРИМ ҚИЛМАНГ!

Истиқлол туфайли динимиз ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас обидалар – масжид ва мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади.

Шу билан бирга жамиятимизда муқаддас динимиз қайтарган баъзи бир бидъат-хурофотлар ҳам учраб тургани барчамизга маълум.

Ана шундай хурофотлардан бири ирим қилиш, шумланишдир. Аллоҳ ва Расули бундай ишлардан, бундай эътиқоддан қайтаради. Чунки, ирим-сиримлар ва ҳар хил нарсалардан шумланиш инсониятнинг ақл мезонига тўғри келмайдиган, унинг имонига зарар келтирадиган, ҳақ йўлдан ботилга бурадиган амаллардандир.
Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида бундай марҳамат қилганлар: “Уч нарсадан менинг умматим ҳаргиз қутула олмайдилар. Бу – ҳасад, бадгумонлик ва иримдур. Бундай нарсалардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоб қилиб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг”.
Пайғамбаримиз бу уч нарсанинг уммат ичида мавжуд бўлишини алоҳида таъкидлаб, бундай иллатлардан огоҳ бўлишга, бу иллатлар ботқоғига ботиб қолмасликка чақириб, қандай йўл тутмоқ кераклигини ҳам кўрсатиб бердилар.
Ислом дини келишидан олдин, жоҳилиятда одамлар ақлига келган, хаёли кўтарган нарса билан шумланаверишган. Ҳатто пайғамбарлар билан ҳам шумланган қавмлар бўлган. Аллоҳ таоло бунга Мусо (а.с.) билан Фиръавн қавмини мисол қилиб келтиради:“Бас, уларга яхшилик келганда: “Бу бизга хос”, – дейдилар. Агар уларга бирор нохушлик етса, Мусо ва у билан бирга (имон келтирган) кишилардан шумланадилар. Огоҳ бўлингки, уларнинг (яхши-ёмон) амал(лар)и Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин (буни) аксариятлари билмайдилар”(Аъроф, 131).

Яъни, уларга бирор неъмат етса, бизлар шунга лойиқмиз, дейдилар. Агар бирор тижорат ва зироат ишларида бирор камчилик етса, тавҳиддан йироқликлари, дин-диёнатдан жоҳилликлари сабаб Мусо (а.с.) ва унга эргашганлардан шумланишди. Ҳолбуки, уларнинг шумланишларига сабаб бўлган нарса – ризқларини кўп ё кам бўлиш ўлчови фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир, диндан юз ўгирганлари сабаб улар буни билмайдилар.
Таъкидламоқ керакки, аввало мўмин-мусулмон киши ирим-сирим, сеҳру жодуга берилмайди ва ишонмайди. Мўмин одам учун тақдир Аллоҳ таолодан бўлади ва бахт ёки бахтсизлик ҳам унинг истаги билан рўй беради.
Шундай экан, айрим ирим-сиримчи ва турли шубҳачи инсонлар тахмин қилганидек қўш келин олганларнинг хонадонларига чилла тушиши, келиннинг бахти боғланиши, олдидан мушук ўтгани учун йўлдан қайтиш ёки “фалончи келиннинг қадами оғир келди”, “чоршанба ва жума куни касал кўргани борманг”, “шанба куни кир ювманг”, “чоршанба куни тирноқ олманг”, “жанозадан кейин тўйга борманг”, “марҳумни эшикдан олиб чиқманг” каби турли бўлган-бўлмаган иримлар ислом динида қораланади. Шунингдек, ирим қилаётган нарсасидан сақланиш учун турли-туман туморлар осиб олишлар ҳам ислом дини ақидасига ёт бўлган ишлардандир. Бу каби иримларга ўралашиб қолиш инсонни ҳақ диндан узоқлаштириб, турли хурофотларга кўмиб ташлайди. Кишини асл дин қолиб, ҳар хил асли ва асоси бўлмаган нарсалар билан ўралиб қолишга олиб келади.
Кўп учрайдиган иримлардан бири юлдуз учишидан ирим қилишдир. Юлдуз учиши бировнинг ўлимидан дарак бермайди. Араблар жоҳилият даврида бундай эътиқод қилганлар: "Самода йигирма саккизта юлдуз бор, улардан бири мағриб тарафдан ҳар ўн уч кунда учиб тушади. Шунда машриқдан тонг вақтида унинг ўрнига битта янги юлдуз пайдо бўлади. Ана шу вақтда ёмғир ёғиши кузатилади". Жоҳилият даври араблари ёмғир ёғишини юлдуз учишига боғлиқ деб билганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ёмғирнинг юлдузга алоқаси йўқлигини, ёмғир Аллоҳнинг ўзига хос сабаблар туфайли ёғишини билдириш мақсадида "Навъа (юлдуз учишидан ирим қилиш) йўқ”, – деганлар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Ҳудайбияда Аллоҳ таоло номидан айтган гаплари жуда ибратлидир: "Демак, кимки: "Ёмғиримиз Аллоҳнинг фазли ва марҳамати билан бўлди", деса, бу кимса менга мўмин, юлдузларга кофирдир. Агар кимки: "Ёмғиримиз анави юлдуз сабабли", деса, менга кофир, юлдузларга эса мўминдир!" (Муслим, 1/71; Ибн Ҳиббон, 1/188).
Юқоридаги ҳадиси шарифдан инсон Аллоҳ таолога бўлган ихлос ва эътиқодини асло сустлаштирмаслиги, ақидасининг дарз кетишига йўл қўймаслиги, ҳар бир нарсани Аллоҳ таолодан деб билиши, ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло қилади, деб эътиқод қилиши лозим. Ана шунда, эътиқоди мустаҳкам бўлаверади.
Ҳозирда сафар ойидан, икки ҳайит орасидан шумланиш одат тусига кириб қолди. “Сафар ойида фотиҳа қилиб бўлмайди”, “сафар ойида тўй қилиш мумкин эмас”, “сафарда сафарга чиқиш мумкин эмас”, “сафар ойида тижорий шартнома қилиб бўлмайди”, “сафарда уйга кўчиб бўлмайди”, “икки ҳайит орасида тўй қилиш мумкин эмас” каби асоссиз сўзлар тарқалиб кетаётгани кишини ташвишга солади. Бу каби ботил сўзларнинг асосини на шариатдан ва на инсоний мезондан топиб бўлади. Бундай асоссиз сўзлар билан сафар ойида ва икки ҳайит орасидаги вақтда эзгу ишларни тўхтатиб қўйиш ёки ортга суриш мўмин-мусулмоннинг сифатидан эмас. Ҳолбуки, сафар ойининг ҳам бошқа ойлар каби ўзига хос фазилатлари бор.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ирим-сирим қиладиган кимса тавба қилиб, унга каффорат бериши борасида шундай деганлар: "Кимни ирим қилиши ўз ишидан қолдирса, у аниқ ширк келтирибди". "Эй, Расулуллоҳ! Бунинг каффорати нима?" дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аллоҳумма, ла тойра илла тойрука, ва ла хойра илла хойрука, ва ла илаҳа ғойрука!" Яъни “Аллоҳим, ўзингдан ўзга илоҳ йўқдир, учиш ҳам яхшилик ҳам ўзингни хоҳишинг билан бўлажакдир. Сендан ўзга илоҳ йўқ”, дейишинг", дедилар" (Баззор, 2/4379; Ибн Абу Шайба, 5/26411). Расулуллоҳ (с.а.в.) қарға қағилласа ҳам мана шу дуони ўқишни тавсия қилганлар (Ибн Абу Шайба, 6/29872).
Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг "ал-Адаб ал-муфрад" асарида ажойиб бир воқеа келтирилган: "Бола туғилганида унга барака сўраб дуо қилиши учун одамлар чақалоқларни Ойша онамиз (р.а.) олдига олиб келардилар. Бир чақалоқ келтирилди, уни тўшагидан олаётувди, ёстиғи остига устара (пичоқча) қўйилган экан. Ойша (р.а.) устарани нимага қўйилганини сўрадилар, жинлардан сақланиш учун, болага жинлар яқинлашмаслиги мақсадида қўйилганини айтишди. Шунда Ойша (р.а.) уни олиб, отиб юбордилар ва иккинчи бор бундай иш қилишдан қайтардилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ирим-сиримларни ёқтирмасликларини, уларга ғазаб билан боқишларини айтдилар ва Ойша онамиз (р.а.)нинг ўзи ҳам ундан қайтаришларини билдирдилар" (Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад, 1/912).
Яратган барчамизни Ўзининг рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Турли хил бидъат-хурофот, ирим-сирим каби амаллардан сақлаб, илм орқали тўғри ақидани тушуниб етадиган бандалари қаторида бўлишимизни насиб қилсин.

muslim.uzскачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State