TOP 10
Мусулмонни кофир дейиш - кечирилмас гуноҳ 1-қисм
986 Bender
Мутаассиб оқимлар томонидан илгари сурилаётган ақидавий қарашлар
(Ёхуд мусулмонни кофир дейиш - кечирилмас гуноҳ)
1-қисм

Ҳозирги кунда мутаассиб оқимлар томонидан “такфир”(истилоҳда мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш) сўзи бузиб талқин этилиб, ҳақиқий мўмин-мусулмонларни куфрга айблаб, уларнинг орасида катта тортишув ва келишмовчиликларни келтириб чиқармоқдалар. Шунинг учун қуйида мазкур ботил ақидапараст оқимларга раддия сифатида ақида бобида асл мазҳабимиз бўлган ҳанафий-мотуридий йўналиши буйича келтирилган масалаларни манбалар асосида эътиборингизга ҳавола этилади.
Бугунги кунда диний ақидапараст оқимлар томонидан ислом динидаги ақида ва тушунчалар бузиб талқин этилиб, нотўғри тушунтириш орқали ўз ғаразли мақсадларига эришиш кўзланмоқда. Ушбу ақида ва тушунчалар қаторида, имон ва унинг шартлари, такфир, жиҳод, худкушликни ҳалоллаш кабиларни мисол келтириш мумкин.
Энг аввало имон ва куфр масаласи бўйича тарихда турли оқимлар томонидан турлича ёндошилганини зикр этиш ўринли. Суннийлик йўналиши олимлари томонидан ушбу оқимлар қарашларининг иллатлари кўрсатиб берилиши билан бирга, ўзаро ҳам жузъий масалаларда унга таъриф бериш ва унинг шартларини баён этишда ихтилоф қилганлар. Умуман, ушбу ихтилофлар асосида кишининг мўмин ёки мўмин эмаслиги, унга имон номини мансуб қилиш ёки мансуб қилмаслик масаласи кабилар юзага келган.
Тарихдан маълумки, илк пайдо бўлган фирқа ва оқимлардан хорижийлар (ажралиб чиққан, исён кўтарган) биринчи бўлиб бу масалани бузиб талқин этганлар. Яъни унга кўра, хорижийлар ўз томонларида бўлмаган мусулмонларнинг барчасини кофирга чиқариб, ўлдириш ҳалол деган қарашга асосланганлар. Улар гуноҳи кабира қилган кишини кофир деганлар. Мўътазила оқими эса гуноҳ содир этган мўминни икки манзила ўртасидаги манзила, яъни мўмин ҳам кофир ҳам эмас, балки оралиқ ҳолатда деганлар ва охиратда дўзахда бўлади, деган ақидани илгари сурганлар. Бунда улар катта гуноҳларни қилганлар, оралиқ ҳолатда бўлади, деган қоидани ишлаб чиққанлар.
Мана шундай тарзда ислом оламида диндаги асосий масала бўйича баҳс-мунозаралар авж ола бошлади, Мовароуннаҳр ҳам бу тортишувлардан четда қолмади. Сўнг юртимиз олимлари бу борада юзага келган масалаларга ҳанафийлик асосида ечим бера бошладилар. Жумладан, Имом Мотуридий (257-333 ҳ.й.) ўз илмий салоҳияти билан ақидавий масалаларга мукаммал ечимларни берганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Айнан унинг қаламига мансуб асарлар кейинги даврларда турли оқим ва фирқаларнинг бузғунчи ғояларига қалқон бўлиб, юртимиз турли оқимларнинг ғоявий таъсиридан омонликка эришди. (У. Алимов. Калом илмининг ривожланиши. Мовароуннаҳр нашриёти 63-бет).
Имом Мотуридий ўз давридаги оқимларнинг қарашлари моҳияти, тушунчаларга раддиялар берилиши билан бирга, уларнинг қарашларининг юзага келиш сабаб ва омилларига ҳам тўхталган. Натижада, ислом оламида ягона суннийлик қарашларининг бошқа оқимларга берган мукаммал раддиялари юзага келган. Унинг қарашлари “Китобут-тавҳид” ва “Таъвилот аҳлис-сунна” асарларида қамраб олинган.
Айнан имон масаласи бўйича ишлаб чиққан ақидавий тушунчалардан мукаммалроқ қараш имом Мотуридий ва унинг издошлари йўналишига тегишлидир.
Имом Мотуридий ва мотуридийлик йўналиши уламолари ҳанафийлик анъаналарига мос тарзда, балки ақидавий таълимотни янада ривожлантириб, ҳар томонлама мукаммал тарзда ўз даврларида юзага келган масалаларга жавоб берганлар. Жумладан, ҳанафийлик-мотуридийлик йўналиши олимлари юқорида зикр этилган имон ва бошқа ақидавий масалаларни Қуръон ва суннага мос тарзда ечиб, жумладан, имон шартига амалнинг кирмаслиги, унинг зиёда ва ноқис бўлмаслигини далиллар билан таъкидладилар. Чунки, юртимизда етишиб чиққан соҳа олимларининг қайси бир асарларини олмасак, айнан ушбу масала бўйича якдил қараш яъни имон бу – қалб тасдиғи ва тил иқрори эканлиги ҳамда у зиёда ва ноқис бўлмаслиги, амал эса имондан ташқари нарсалиги таъкидланган.
Авваламбор Имом Мотуридий таъкидлаганидек, “имон” сўзининг маъноси “тасдиқлаш”дир. Шунинг учун Имом Мотуридий энг аввало сўзнинг луғавий маъносидан ташқарига чиқмасликни таъкидлаган, сўнг оятларни келтириб, уларни шарҳлайди. Ҳамда ушбу қарашнинг тўғрилигини исботлайди.
Абул-Муъин ан-Насафий худди шу каби йўл тутиб, яъни “имон” сўзининг маъноси араб тилида “тасдиқлаш” эканини зикр этиб, сўнг унинг маъносига амални киритганларга қарата шундай дейди: “агар ҳар бир сўзни луғавий маъносидан бошқа маънога нақл этилаверса, унда Қуръон ва суннада кўп сўзларни бошқа маъноларга ўзгартириш мумкин бўлиб қоларди ва маънолар бузилиб кетарди”. Ҳамда Абул-Муъин ан-Насафий ўзининг “Табсиратул-адилла” асарида “Аслида имон шартларига амални киритганлар унинг зиёда бўлиши ҳақидаги сўзни ҳам айтмасликлари лозим бўлади. Чунки, улар амалларни ҳам имон деб санаганларидан сўнг, унда ҳеч кимнинг имони мукаммал, тўлиқ бўлолмайди. Шунинг учун имон шартига амалнинг киритилишини Қуръон ва суннага кўра имкони йўқдир. Яъни имон келтириб ҳали амал қилмай турган кишини куфрга нисбат бериш ҳуқуқига ҳақли эмасмиз. “Аммо Имом Аъзам билан аҳли сунна вал жамоатдан бўлган имомларнинг (ақида бобидаги) ихтилофлар ҳақиқий ихтилоф эмас. Зеро амални рукн деганлар ҳақиқатан рукн деган эмаслар. Чунки амални ҳақиқатан ҳам рукн дейилса, унда амални тарк этмак билан кофир бўлади деган маъно пайдо бўлади”. (“Ақоиди Жавҳария, Баёнуссунна” 21-бет).
Давоми бор...

Сариосиё туман “Хожа Алоуддин Аттор” жомеъ масжиди имом хатиби
Фазлиддин Кароматуллоҳ манбалар асосида тайёрлади.
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State