TOP 10
Мусулмонни кофир дейиш – кечирилмас гуноҳ 3-қисм
1255 Bender
Мутаассиб оқимлар томонидан илгари сурилаётган ақидавий қарашлар
(Ёхуд мусулмонни кофир дейиш – кечирилмас гуноҳ) 3-қисм

Бизнингча, улар йўл қўяётган хатоларнинг биринчиси масалага енгил-елпи қараш, шошма-шошарлик қилишдир. Бирор шахс ёки бутун бошли жамиятни куфрда айблаш ёки кофирга чиқариш ўта қалтис иш бўлиб, бунга кўр-кўрона муносабатда бўлиш ярамайди. Чунки бунинг ортида куфрга чиқараётган ёки чиқарилаётганлардан бири учун даҳшатли оқибат ётибди. Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Киши ўз биродарига: “Эй кофир!” деса, (куфр) иккисидан бирига қайтади”.
Ҳадисдан кўриниб турибди, ўзгани кофирга чиқариш оддий ҳақорат сўзи эмас, аксинча, ўз охиратини бой бериб қўйиш эҳтимолини туғдирадиган хатарли масаладир. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳаби уламолари бошқа мазҳабларнинг олимларидан кўра такфир (куфрда айблаш, кофирга чиқариш) масаласига кўпроқ аҳамият беришган. Бу ҳақда ёзилган асарларнинг биринчиси мисрлик олим, 768/1367 йили вафот этган Муҳаммад ибн Исмоил ибн Маҳмуд Бадр Рашид Рашидий раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб.
Унинг “Куфр сўзлар” номли асарига биринчи бўлиб ҳанафий олимлардан аллома Алийул Қори раҳматуллоҳи алайҳ муфассал шарҳ ёзган. (А. Тулепов “Ислом ва ақидапараст оқимлар”. –Т.: Шарқ. 2014. –Б.461).
Хатоларнинг иккинчиси Аллоҳ буюрмаган ишларга вақтни беҳуда сарфлашдир. Мусулмон кишининг дунё ва охиратда ўзига наф берадиган амаллар билан шуғулланиши мақсадга мувофиқдир. Қироат илми олимларидан Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Шариатда эътироф этилган илм, яъни Аллоҳ ва Унинг расули мақтаган илм - амал қилишга ундовчи илм бўлиб, у ўз эгасини хоҳиш ва истакларга эргашувчи эмас, балки илмига мувофиқ юрувчи қилади”. “Такфир” эса ҳеч кимга фойда бермайдиган, аксинча, зарарига ҳужжат бўладиган манфаатсиз ишлардандир. Ахир, Аллоҳ таоло бизларни бирор шахс ёки жамиятнинг камчиликларини излашга, уни кофирга чиқариш учун умр бўйи ҳужжат тўплашга буюрмаган-ку! Бу ҳақиқатни ҳар ким ақида илми устозларидан аниқлаб олса бўлади. Ачинарлиси, бу каби ишлар билан шуғулланиб юрганларнинг кўпи имоннинг энг муҳим масалалари, намоз, рўза, закот каби ибодатнинг асосий шартлари борасида етарли илмга эга эмаслар. Улар ҳатто Қуръоннинг энг қисқа сураларини тажвид қоидаларига биноан ўқиёлмайди, ҳадиснинг асл матнларига “тишлари ўтмайди”.
Учинчи хато бундай нозик масалаларга ҳали уларнинг шартларини мукаммал равишда ўзлаштирмай туриб киришиб кетишдадир. «Куфр» сўзи, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, исталган пайтда, дуч келган одамга қарата айтиб юбориладиган сўз эмас. Буни имонли мусулмонга нисбатан қўллаш енгилтаклик, калтабинлик ва жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Ислом тарихида бундай ишга илк бор қўл урган хаворижларни Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Бундай нодон ёшлар Қуръон ўқиса, тиловатлари бўғзидан нарига ўтмайди”, дея сифатлаганлар. Мана шу гап барча замонларда хаворижларга эргашувчиларнинг Қуръон оятлари ва ҳукмларини чуқур идрок эта олмасликларига ишорадир.
Исломда “Ал-яқину ла язулу биш-шак” (Аниқ нарса шак-шубҳа билан йўқ бўлмайди) деган қоида бор. Масалан, бир мусулмоннинг таҳорати шак-шубҳалар билан бузилмайди, шундай экан, қандай қилиб гумон-тахминлар билан унинг бутун имони ва мусулмонлик сифатига тил теккизиш мумкин? Бу қоидага кўра, унинг жони ҳам, моли ҳам бошқаларга ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вадо ҳажжида: “Ушбу шаҳарда (Маккада), ушбу ойдаги (Зулҳижжа) бугунги кун (Арафа) ҳурматлангани (ҳаромлиги) каби қонларингиз, молларингиз ва ор-номусларингизга тажовуз қилиш ҳам бир-бирларингизга ҳаромдир. Эшитганлар эшитмаганларга етказсин», - деганлар.(Имом Муслим ривояти).
Шундай бўлгач, “такфирчи алломалар” қайси ҳужжатга кўра мусулмонларни кофирга чиқариб, уларни қатл этишга фатво беришяпти экан?! Бу хусусда қуйидаги ҳадиснинг мазмунига эътибор берайлик! «Кимки, ўз мусулмон биродарига қараб ўткир (пичоққа ўхшаган) нарса билан (гарчанд ҳазл қилмоқ билан бўлса ҳам) ишора қилса, то ўша нарсани қўлидан ташламгунча Малоикалар уни лаънатлайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Биз бу мулоҳазаларимиз билан исломда умуман «куфр, такфир» деган тушунчалар йўқ, демоқчи эмасмиз. Чунки баъзи оят ва ҳадисларда у ёки бу амал куфр деб аталгани ислом ақидаларидан бир оз хабари бор кишига яхши маълум. Лекин мусулмонлар бу борада жиддий фарқли томонлар борлигини яхши англаб олишлари керак. Бу ҳам бўлса, бирор амални “куфр” дейиш билан ўша амални содир этган муайян шахсни кофирга чиқариш ўртасида катта фарқ бор. Фикримизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар билан далиллашимиз мумкин. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келтирилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Абдуллоҳ исмли киши келтирилиб, ичкилик туфайли дарра урилди. Сўнг яна бир куни келтирилиб, яна дарра уришга буюрилди. Шунда тўпланганлар ичидан бир киши: «Эй Аллоҳ, уни даргоҳингдан (раҳматингдан) йироқ қил, (бу гуноҳ учун) жуда кўп келтирилди”, - деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни лаънатлама, чунки мен унинг Аллоҳни ва Расулини севишини биламан”- дедилар”. (Имом Бухорий ривояти). Бу хусусда қуйидаги ҳадис ҳам сўзимизни исботидир албатта: «Мўъминни дашном (ҳақорат) қилиш фосиқлик ва у билан муқотала (уруш) қилиш куфрдир». (Имом Бухорий ва Имом муслим ривояти).
Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, мусулмон кишини бирор гуноҳи ёки билмасдан қилган хатолари учун кофирга чиқариш ёки кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган ўлкаларни “куфр диёри” деб аташ ислом ақидасига мутлақо зиддир. Буюк мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақидага оид “Фиқҳи акбар” китобида баён этилган қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз, гарчи у гуноҳи кабира бўлса ҳам. Башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини ҳам олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўмин деб атайверамиз. Уни фосиқ муъмин деб аташ мумкин, фақат кофир деб эмас”
Давоми бор...
Сариосиё туман “Хожа Алоуддин Аттор” жомеъ масжиди имом хатиби
Фазлиддин Кароматуллоҳ манбалар асосида тайёрлади

скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State