TOP 10
Шукроналик ҳисси
890 Bender
Шукроналик ҳисси

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан кейин мамлакатимизда халқимизнинг азалий муқаддас дини ислом равнақи йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Барча миллий ва диний қадриятлар тикланди.
Парвардигор биз бандаларини Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган экан, У ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришимизга буюради. Мустақилликдек буюк неъмат туфайли халқимиз масжидларни тўлдириб, эмин-эркин ибодатларини адо этишмоқда. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Авваллари ўтган алломаларнинг мангу қўнимгоҳлари қаерда жойлашганидан хабаримиз йўқ эди. Энди эса Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий, Абдухолиқ Ҳиждувоний, Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларнинг хоки пойлари қўним топган гўшалар обод этилиб, таваллуд саналари кенг нишонланмоқда. 1990-йилда ватандошимиз, Термизлик буюк муҳаддис Имом Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги юртимиз миқёсида кўплаб хорижлик олимлар иштирокида кенг кўламда нишонланган эди. Жорий 2016-йилда ҳам Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти И. А. Каримов ташаббуси билан бу буюк зот қўним топган мақбарани қайтадан таъмирлаб, энг замонавий зиёратгоҳ масканга айлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди.
Яқинда юртимиз спортчилари олимпиада мусобақаларида қатнашиб, жаҳон миқёсида энг яхши кўрсаткичлар билан мустақил юртимизга ёруғ юз билан қайтишлари ҳам мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди.
Бизларга берилган улуғ неъматлардан яна бири юртимиз тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва нотинчликлар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни арозий ва самовий балолардан асраб тургани учун Аллоҳга беадад шукроналар айтмоғимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. (Муттафақун алайҳ)
Шукр сўзи луғатда “миннатдорлик, розилик” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса яхшилик қилувчининг яхшилигини мамнунлик билан эътироф этишни “шукр” дейилади. Шукр уч хил бўлади. Биринчи қалб шукри, иккинчи тил шукри, учинчи амалий шукр.
Ҳар бир инсон ато этилган барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканини билиб, унга иқрор бўлиши қалб шукридир. Ҳамиша Аллоҳ таолодан миннатдор бўлиш, унга ҳамду-сано айтиш тил шукридир. Тоат – ибодатда давомли бўлиш, эзгу амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш амалий шукр бўлади. Мустақиллигимизнинг бардавомлиги, жонажон ватанимиз тинчлиги, бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – неъматнинг амалий шукронасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”. (Бухорий ривояти).
Инсон ҳар доим берилган неъматлар шукрини адо қилишга интилиши керак. Баъзилар қаноат қилмай, жонларини таҳликага қўйиб, бойлик илинжида, ноқонуний йўллар билан чет элларга кетади. Оқибатда, ўзини ҳам, оиласини ҳам, кўп қийинчиликларга дучор этади. Айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга шукр, сабр-қаноат каби фазилатларни эгаллаш, илм-ҳунар ўрганиш сув ва ҳаводек зарур. Қалб кўзи очиқ, касб-ҳунарли одам ҳеч қачон бировга қарам бўлиб қолмайди.
Аллоҳ таоло юртимизга тинчлик, барқарорлик ва хотиржамлик каби неъматларни инъом қилди. Шунинг учун ҳам бизлар доимо шукр қилиб яшашимиз лозим.
Бойсун туман “Пулҳоким” жомеъ масжиди имом-хатиби: Тошматов Алмурод
скачать dle 10.5фильмы бесплатно
Изохлар






K-mart Radio Shack IBM Caterpillar Valvoline Hars Rock Cafe Quaker State